Тез озишнинг янги усули аниқланди
Бунинг учун ҳафтада 3 кун оралиқ овқатланиш керак.

Колорадо университети олимлари томонидан ўтказилган янги тадқиқотда ҳафтада уч кун давомида оралиқ овқатланиш режимига риоя қилишнинг кунлик калория истеъмолини чеклашдан кўра тезроқ вазн йўқотишга ёрдам бериши аниқланди.
Тадқиқотда ортиқча вазнли ёки семириб кетган 165 нафар кўнгилли иштирок этган. Иштирокчилар икки гуруҳга бўлинган. Биринчи гуруҳ, ҳафтада уч кун давомида (бу кунлар кетма-кет бўлмасдан) калория истеъмолини 80 фоизга камайтиришлари керак эди. Бошқа кунларда эса улар нормал овқатланишлари мумкин эди. Иккинчи гуруҳ эса ҳар куни калория миқдорини чеклашган. Ҳар икки гуруҳга спорт залга бориши ва ҳафтасига камида 300 дақиқа жисмоний машқ қилиш тавсия қилинган.
Кўнгиллиларга парҳезни амалга ошириш учун мобил иловалардан фойдаланиш ўргатилган. Шунингдек, уларга калория таркибини қуйидаги нисбатда бўлиши тавсия қилинган: 55 фоиз углеводлар, 15 фоиз оқсиллар ва 30 фоиз ёғлар.
Тажриба якунида биринчи гуруҳ (оралиқ овқатланиш режими бўйича амал қилганлар) ўртача 7.6 фоиз тана вазнини йўқотишган, иккинчи гуруҳдаги (кунлик калория чекловини амал қилганлар) иштирокчиларда эса бу кўрсаткич 5 фоизни ташкл қилган. Оралиқ овқатланиш режими билан тажриба ўтказганлар, шунингдек, бир нечта кардиометаболик кўрсаткичларда ижобий ўзгаришларни кўрсатдилар. Жумладан, уларнинг систолик қон босими пасайган, қондаги холестерин (умумий ва ЛДЛ) ва глюкоза миқдори нормал ҳолатга келган.







