Парижда кўк рангдаги сурат 18,4 млн еврога сотилди
Бу Францияда суратлар учун энг юқори нарх экани айтилмоқда.

Париждаги Christie’s аукционида француз рассоми Ив Клейннинг машҳур California номли асари 18,4 миллион еврога сотилди.
1961 йилда яратилган бу асар рассомнинг ўзига хос International Klein Blue (IKB) пигменти ёрдамида ишланган бўлиб, у тўлиқ монохром (бир рангли) кўринишга эга. Асарнинг ўлчами катта бўлиб, юзасида майда тошча элементлари ҳам мавжуд — бу унга махсус текстура беради.
Клейн ўз ижодида рангни мустақил санъат воситаси сифатида талқин қилган. У яратган “IKB” пигменти чуқур кўк тусдаги ноёб аралашма бўлиб, рассом номи билан чамбарчас боғлиқ.
Рассомнинг ушбу асари илгари хусусий коллекцияда сақланган ва 2005–2008 йилларда Нью-Йоркдаги Метрополитен музейида вақтинча намойиш этилган.







