Тонгда туриб иссиқ қаҳва ичишга одатланганмисиз?
Кўпчилик тонгда иссиқ қаҳва ичишга одатланган. Баъзан ишлаб чарчасак ҳам дарҳол қаҳва дамлаб ичамиз ва дарров тетиклашиб, яна ишга шўнғиб кетамиз.

Хўш, бизни бир зумда тетиклаштирувчи хусусиятга эга бўлган қаҳва ҳақида нималарни биламиз?
Нейропсихологлар тетиклантирувчи алкоголсиз ичимликларнинг мияга таъсирини текширишганда, шакар солинган қаҳва фойдали эканлиги маълум бўлди. Магнит-резонансли томография (МРТ) ёрдамида мунтазам қаҳва ичувчиларда миянинг оператив хотира ва диққат-эътибор учун масъул ҳудудларида нейронлар фаоллашганлиги кузатилган.
Олимларнинг хулосасига кўра, кофеин ва глюкозанинг бирлашиши ақлий қобилиятни яхшилайди, инсоннинг тетикланиши ва катта ҳажмли маълумотларни эслаб қолишида ёрдамлашади. Шакарсиз қаҳва эса бундай самара бермайди, фақат тетиклаштиради, холос.
Албатта, ҳар ким таъбига қараб истеъмол қилади. Кимгадир шакарли қаҳва маъқул келса, кимдир аччиқ қора қаҳва ичиб роҳатланади.
Фойдаси
Қаҳва мадорсизликда, нафас қисишида, бош оғриғида, қон босими пасайганида томирлар фаолиятини яхшилайди. Нафас йўллари мушакларини бўшаштиради, астмада нафаси қисган беморнинг аҳволини енгиллаштиради. Ёғлар парчаланишига ва «яхши» холестерин ишлаб чиқарилишига ёрдамлашади, қон таркибидаги «ёмон» холестерин миқдорини пасайтиради.
Қаҳва таркибидаги метилпиридин моддаси организмнинг ўсмаларга қарши курашиш қобилиятини кучайтиради. Ангина ёки фарингитда қайноқ қаҳвадан воз кечинг – у шусиз ҳам яллиғланган томоқ шиллиқ қаватини шилади. Бўйин остеохондрози ва бош оғриғида бўшаштирувчи ва оғриқ қолдирувчи таъсир кўрсатади. Ис гази билан заҳарланганда заҳар вазифасини бажаради.
Зарари
Кўп миқдорда қаҳва ичиш томирлар сиқилиб қолиши (спазм)га сабаб бўлади. Шу туфайли қон босими ошадиган кишилар қаҳвани фақат эрталаб, шунда ҳам жуда суюқ ҳолатда ва сут солиб ичганлари маъқул (сут кофеиннинг таъсирини қирқади). Аритмия (томирлар беқарор уриши)да қаҳва ичишдан эҳтиёт бўлиш керак, чунки у юрак иши маромини бузиши мумкин. Ошқозон суюқлиги ишлаб чиқарилишини кучайтиради. Гастрит ва ошқозон суюқлиги ошиши оқибатида юзага келган ярада қаҳвани умуман ичмаслик, жуда бўлмаганда, фақат овқатдан кейин ва сут солиб ичиш лозим. Ўт-тош касаллиги билан оғриганлар ҳам қаҳвадан эҳтиёт бўлишлари лозим. Қаҳва ўт суюқлиги чиқаришни кучайтиради ва ўт йўллари тиқилиб қолишига сабаб бўлиши мумкин. Қалқонсимон без фаолиятини сусайтиради. Гипо ва гипертиреоз касалликларида қаҳва ичиш тақиқланади. Организмдан темир ва калцийни ювиб кетади. Кўп миқдорда қаҳва ичиш суяклар зичлигини пасайтиради, оқибатда остеопароз юзага келади. Глаукома касаллигида қаҳва ичиш қатъиян тақиқланади (бу касалликда кўздаги қилтомирлар ёмонлашади). Ҳақиқий «қаҳвахўрлик» охир-оқибатда асабийликни, уйқусизликни юзага келтиради.







