Туркиядаги атир фабрикасида портлаш юз берди
Ҳодиса оқибатида 6 киши ҳалок бўлган.

Туркиянинг ғарбий қисмида жойлашган Маниса вилоятида атир ва косметика маҳсулотлари ишлаб чиқариладиган фабрикада кучли портлаш содир бўлди. Ҳодиса оқибатида камида олти киши ҳалок бўлган.
Sabah нашрининг вилоят ҳокимиятига таяниб хабар беришича, портлашдан кейин корхона биносида кучли ёнғин келиб чиққан. Қутқарув хизматлари ёнғинни ўчириш жараёнида ҳалок бўлганларнинг жасадларини топган.
Фавқулодда вазиятлар ходимлари ҳодиса жойида қидирув-қутқарув ишларини давом эттирмоқда. Зарар миқдори ҳали аниқланмаган.
Дастлабки тахминларга кўра, портлаш ишлаб чиқариш жараёнидаги кимёвий реакция ёки техник носозлик билан боғлиқ бўлиши мумкин.







