Президент грантига кимлар муносиб?
2021/2022 ўқув йилидан ОТМга кириш имтиҳонида энг юқори балл тўплаган 200 нафар абиутуриент учун президент гранти жорий этилди.


Грант соҳиблари давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади. Ўқиш давомида грантни олиш учун барча фанлардан «аъло» баҳо олиш керак бўлади. Ўқиш якунига қадар Президент грантини олганлар магистратурага имтиҳонларсиз давлат гранти асосида қабул қилинади.
Кириш имтиҳонларида энг юқори бал тўплаган 200 нафар ёшлар учун Президент гранти жорий қилинади.
Бу ҳақда “Республика олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилинган иқтидорли ёшларни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида келтирилган.
Президент гранти учун ажратилган квотанинг таълим соҳалари бўйича тақсимоти ҳар йили таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.
Муайян таълим соҳаси учун ажратилган Президент гранти квотаси бўйича сўнгги ўриндаги абитуриент ва у билан бир хил балл тўплаган барча фуқаролар Президент грантига даъвогар бўлади.
ОТМга ўқишга киришда қўшимча балл шаклида имтиёз бериладиган тоифадаги абитуриентларнинг кириш имтиҳонлари натижаларига кўра тўплаган балига қўшиб берилган баллар Президент грантига даъвогарларни аниқлашда ҳисобга олинмайди.

Президент грантига даъвогар абитуриентлар давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.
Президент гранти совриндорлари биринчи курсда барча фанларни “аъло” баҳоларга ўқиган, маънавий-маърифий ва илмий-тадқиқот йўналишларида ютуқларга эришган мазкур грантга даъвогар талабалар орасидан танлов асосида аниқланади.
Танлов натижаларига кўра ғолиб бўлган талабаларга Президент давлат стипендияси тайинланади.
Бунда талабага Президент гранти учун белгиланган стипендия иккинчи курснинг ўқув йили бошидан ойма-ой тўланади ва шу муносабат билан унга умумий шартларда белгиланадиган стипендия тайинланмайди.
Ўқув семестри якунига кўра камида битта фандан ўзлаштириш кўрсаткичи “аъло” баҳо бўлмаганда, Президент гранти соҳибларига келгуси ўқув семестри мобайнида умумий тартибда белгиланадиган стипендия тайинланади.
Навбатдаги ўқув семестри якунига кўра барча фанлар бўйича ўзлаштириш кўрсаткичи фақат “аъло” баҳо бўлганда, Президент гранти учун белгиланган стипендия қайта тайинланади.
Ўқиш якунига қадар Президент грантини узлуксиз олган талабалар бакалавриат таълим йўналишига мос ва турдош мутахассислик бўйича магистратурага кириш имтиҳонларисиз қўшимча давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинади.
Кеча Республика бўйича 2 нафар абитуриент энг максимал — 189 балл олишга муваффақ бўлди.







