Ўзбекистон ва АҚШ сунъий интеллект соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда: Сиэтлда форум ўтказилди
Форум доирасида Сиэтл ва Тошкент ўртасида рақамли шаҳар бошқаруви бўйича тажриба алмашиш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.

30 октябрь куни Ўзбекистоннинг Вашингтон штатидаги Бош консулхонасида сунъий интеллект соҳасидаги ҳамкорликка бағишланган халқаро форум бўлиб ўтди. Тадбир Бош консулхона, Америка–Ўзбекистон бизнес ва инвестиция кенгаши, IT Park Uzbekistan ҳамда Жаҳон рақамли технологиялар академияси (WDTA) томонидан ташкил этилди.
Форумда технология соҳаси, университетлар, инвестиция ҳамжамияти ва давлат идораларининг қарийб 60 нафар вакили қатнашди. Улар орасида Microsoft ва Meta мутахассислари, Гарвард, Вашингтон ва Шимоли-шарқий университетлари, Сиэтл маъмурияти ҳамда инновацион компаниялар вакиллари ҳам бор. Тадбир «Seattle AI Week» доирасида ўтказилиб, ҳафталик дастурининг якуний тадбири бўлди.
Муҳокамаларда Ўзбекистон–АҚШ технологик шериклигининг истиқболлари, кадрлар тайёрлаш, стартапларни ривожлантириш, инвестициялар жалб қилиш ва сунъий интеллект ечимларини амалиётга жорий этиш масалаларига эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбарининг маслаҳатчиси, Америка–Ўзбекистон бизнес ва инвестиция кенгаши Котибияти раҳбари Нозима Давлетова мамлакатнинг рақамли ривожланиш борасидаги стратегик устувор йўналишларини тақдим этди. У Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ишбилармонлик ҳамда инвестициявий алоқалар ривожланиб бораётганини қайд этиб, Кенгашнинг икки мамлакат ташкилотлари ташаббусларини қўллаб-қувватлаш имкониятларига тўхталди.
Бош консул Аҳрор Бурхонов Ўзбекистоннинг АҚШ Тинч океани шимоли-ғарбий минтақаси билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш имкониятларини таъкидлади. Шунингдек, Бош консулхона минтақадаги технологик компаниялар, университетлар ва тадбиркорлик ҳамжамиятлари билан бевосита алоқалар ўрнатишга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.
IT Park Uzbekistan вакили Руслан Яппаров миллий IT экотизимининг ривожланиши ва халқаро ҳамкорлар билан алоқаларни кенгайтириш имкониятлари ҳақида маълумот берди. Етакчи сунъий интеллект компаниялари иштирокида ёшларни ўқитиш, ҳисоблаш инфратузилмасини ривожлантириш ва ўзбек стартапларини хорижий бозорларга олиб чиқиш устувор йўналишлар сифатида қайд этилди.
WDTA ижрочи раиси Ель Ли Ўзбекистоннинг Марказий Осиёни АҚШнинг илғор инновацион экотизимлари билан боғловчи технологик марказ сифатидаги салоҳиятига эътибор қаратди. У билим алмашиш, сунъий интеллектни масъулиятли ривожлантириш ва маълумотларни ҳимоя қилиш муҳимлигини таъкидлади.
Microsoft компаниясининг дастурий таъминот ишлаб чиқувчилари йўналиши собиқ президенти, Permira катта маслаҳатчиси Юлия Люсон замонавий сунъий интеллект воситаларидан фойдаланиш имкониятлари, таълим дастурларини янгилаш ҳамда тажриба-синов ишларидан амалиётга ўтиш масалаларини муҳокама қилди.
Сиэтл шаҳрининг технологиялар бўйича бош директори Шеннон Смит эса муниципал хизматларни такомиллаштириш, қурилиш билан боғлиқ тартиб-таомилларни соддалаштириш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини оширишда сунъий интеллектдан фойдаланиш тажрибасини тақдим этди. Сиэтл ва Тошкент ўртасида рақамли шаҳар бошқаруви соҳасида тажриба алмашиш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди.
Панел муҳокамаларида университетлар қошидаги инкубаторларни ривожлантириш, стартаплар учун менторлик дастурларини йўлга қўйиш ва бизнес эҳтиёжларига мос мутахассислар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди. Агротехнологиялар, сув тежовчи технологиялар, тил хизматлари ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтирувчи ечимлар ҳам истиқболли ҳамкорлик йўналишлари сифатида қайд этилди.
Форум якунида Ўзбекистоннинг Вашингтон штатидаги Бош консулхонаси ва WDTA технологиялар ҳамда сунъий интеллект соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади. Ҳужжат тажриба алмашиш, университетлар, компаниялар ва давлат муассасалари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистон иштирокида таълим ташаббуслари ва синов лойиҳаларини ўрганишни назарда тутади. Унда сунъий интеллектдан масъулиятли фойдаланиш, киберхавфсизлик ва маълумотларни ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.








