Ўзбекистонда маҳкумлар илк бор сайловда овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланди
Ўзбекистондаги тергов ҳибсхоналари ва қамоқхоналарида сақланаётган маҳкумлар илк бор 24 октябрь куни бўлиб ўтган Президент сайловида овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланди.

Бу ҳақда кеча Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов Марказий сайлов комиссиясида бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.
Сайлов кодексига кўра, енгилроқ жиноят содир этганлиги учун озодликдан маҳрум қилиш жойларида сақланаётган шахслар Президент сайловида иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Жазони ижро этиш муассасаларида сайловчиларнинг овоз бериши учун 18 та сайлов участкаси ташкил этилган бўлиб, 8203 сайловчи овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган.
Бундан аввал қамоқхоналардаги маҳкумлар сони бўйича рейтинг эълон қилингани, Қарши шаҳрида 18 нафар маҳкум жазодан озод этилгани ҳамда Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида 215 нафар маҳкумни афв этгани ҳақида хабар берилганди.
Оламгир Абдиев







