Ўзбекистон сайёҳлик саноатини ривожлантириш истиқболлари — Бельгия ОАВ эътиборида
Ўзбекистоннинг минг йиллар давомида сақланиб келаётган қадим тарихи, шаҳарлари ва туристик жозибадорлиги эътироф этилган.

Бельгия порталига кўра, кейинги йилларда туризм индустриясининг устувор йўналишларидан бири - бу сайёҳлик зоналари ва дам олиш масканларини бунёд этишдир. Хусусан, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани, Жиззах вилоятининг Зомин тумани, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида сайёҳлик зоналари ташкил этилмоқда. Шунингдек, Айдар-Арнасой кўллари атрофида дам олиш, пляж ва сув туризми учун замонавий мажмуани яратиш режалаштирилмоқда.
Бельгиянинг "Travel Tomorrow" ахборот портали веб-сайтида "2021 ва ундан кейинги йилларда Ўзбекистонда туризм" сарлавҳали мақола эълон қилинди.
“Туризм Ўзбекистон миллий иқтисодиётининг стратегик соҳаларидан бирига айланди. Марказий Осиё минтақасидаги ушбу мамлакатга 2016 йил 2,1 миллион меҳмон келган бўлса, пандемия олдидан, яъни 2019 йил 6,7 миллион сайёҳ ташриф буюрган”, — дейилади нашрда.
Мақолада коронавирус пандемиясининг таъсири оқибатида 2020 йил юртимизга 1,5 миллионга яқин сайёҳ келгани қайд этилган. Бундан ташқари, сайёҳлик соҳасидаги хизмат кўрсатиш экспорти 260 миллион долларни ташкил этди. Бу кўрсатгич 2019 йилда эришилган натижанинг 20 фоизига тенг бўлгани ҳам алоҳида таъкидлаганган.
Мақолада Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимовнинг пандемия ва ундан кейинги даврда миллий туризм саноатини қайта тиклаш ҳақидаги фикрлари ҳам ўрин олган:
"COVID-19 пандемияси оқибатларини юмшатиш ва пандемиядан кейинги даврда сайёҳлик оқимини тиклаш учун мамлакатда туризмни янада ривожлантириш ва тиклаш орқали туризм бизнесини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар дастури қабул қилинди. Президент ва ҳукумат қарорларида туризм соҳаси учун қатор имтиёз ва преференциялар кўзда тутилган".
Аввалроқ Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти Бельгия жамоатчилиги диққат марказида бўлгани, Самарқанд UNWTO Бош Ассамблеясини ўтказиш учун номзод сифатида кўрсатилгани ҳамда "THE NEW YORK TIMES" газетасининг саҳифаларида Самарқанднинг сайёҳлик салоҳияти ёритилиши ҳақида хабар берилганди.







