Ўзбекистонда Президент таълим муассасалари агентлиги ва хорижий давлатлар иштирокида халқаро форуми бўлиб ўтади
Жорий йилнинг 16 ноябридан эътиборан форум доирасидаги тадбирлар ҳафталигига старт берилди.

Форум Халқаро Анжуманлар саройида 24-25 ноябрь кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Бу Президент таълим муассасалари агентлиги томонидан “Янги Ўзбекистон таълими: ислоҳотлар йўлида мувафаққиятли ҳамкорлик” халқаро форуми ҳисобланади.
Унда дунёнинг Европа, Америка, Осиё қитъаларидан таълим соҳасининг 100 дан ортиқ етук мутахассислари, хорижий давлат элчихоналари, нуфузли халқаро ташкилотларнинг юртимиздаги ваколатхоналари вакиллари қатнашади.
Бундан ташқари, халқаро Олий таълим муассасалари рейтингини баҳоловчи “Times Higher Education” ташкилоти ва Америка Қўшма штатларидан “Массачуcетс” технология институти, Германиядан “Мюнхен” Техника Университети ва “TUM International” ташкилоти ҳам қатнашади.
Шунингдек, Буюк Британиянинг Кембридж ҳамда Ноттингем университетлари иштирок этиши кутилмоқда.
Ушбу форумдан кўзланган мақсад хорижий давлатлар вакилларини Ўзбекистондаги таълим ислоҳотлари билан таништириш, замонавий таълим тизимини ривожлантириш бўйича ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш ва нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари билан ўзаро тажриба алмашишдан иборатдир.
Бунда Ўзбекистонга таклиф этилган хорижий мутахассислар иштирокида тақдимотлар, семинар-тренинглар ва учрашувлар бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистоннинг Жаваҳарлал Неру университетида ўзбек тили курслари очилгани ҳамда Президент мактаби битирувчилари давлат ОТМларига имтиҳонсиз грант асосида қабул қилиниши ҳақида хабар берилганди.
Чўлпоной Аҳмедова







