Абдулазиз Комилов БМТ махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолайн билан учрашди
Улар Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашди.


Бугун, 29 ноябрь куни Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов БМТнинг терроризмга қарши курашиш шароитида инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, асосий эркинликларини илгари суриш бўйича махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолайн билан учрашди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

БМТ махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолайн юртимизда фуқароларнинг бошқа давлатларда оғир аҳволга тушиб қолган шахсларга ёрдам кўрсатиш, айниқса, аёллар ва болаларни ватанга қайтариш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.

Учрашувда томонлар Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ихтисослашган тузилмалари билан ўзаро ҳамкорлигининг долзарб масалаларини ҳам кўриб чиқишди.

Шунингдек, Афғонистон халқига тезкор инсонпарварлик ёрдам кўрсатиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Абдулазиз Комилов Европа комиссияси вице-президенти билан учрашгани, Саудия Арабистони Қироллигининг Фавқулодда вa мухтор элчисини қабул қилгани, Германия ташқи ишлар вазири билан учрашув ўтказгани ҳамда Теҳрондаги Афғонистон масаласига бағишланган учрашувда иштирок этгани ҳақида хабар берилганди.







