Таълимдан “узоқлашаётган” ўқитувчилар

Қачонгача устоз-мураббийларга текин хизматкор сифатида қаралади?

Таълимдан “узоқлашаётган” ўқитувчилар

 

Баъзида ўқитувчиларнинг ўз вазифаларидан ташқари ишларга жалб қилиниши ҳолатлари учраб туради. Дам олиш куними, байрам куними, фарқи йўқ — “юқоридан” буйруқ келгани баҳона қилиниб, кўчаларни тозалашга, дарахтларни оқлашга ва шу каби бошқа ишларга “ёлланади”.


Яқинда шу каби ҳолат, яъни ўқитувчиларнинг маҳаллаларда юриб, мактаб ёшидаги болалар ҳақида маълумотлар йиғаётгани ҳақида хабарлар тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.


ХТВ бунга изоҳ бериб, вазирлик томонидан ҳудудий халқ таълими бўлинмалари ва таълим муассасаларга ҳеч қандай алоҳида топшириқлар берилмаганлигини маълум қилди ва бир қанча қарорларни илова қилиш билан кифояланди.


“Жойлардаги айрим раҳбарларнинг “ташаббуси” билан микроҳудуд бўйича маълумотларни йиғиш жараёнига педагог-ходимларни жалб қилиш ва уларни фаолиятига алоқадор бўлмаган ишларга жалб қилиш эса мутлақо тақиқланганлигини эслатиб ўтамиз”, — дейилади хабарда.


Бундай буйруқ вазирлик ва унинг қуйи тизимлари томонидан берилмаган бўлса, кимдан чиққан бу ташаббус? Нега мактаб директорлари, халқ таълими бошқармалари ўз ходимларини мана шундай “мажбурий меҳнат”дан ҳимоя қила олмайди? Вазирлик қачонгача қонун-қоидалар ва жазо чораларини эслатиб, ўзини оқлаш билан ишни “ёпади”? 


Ҳолатга Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ҳам ўз муносабатини билдириб, бундай ҳаракатлар Ўзбекистон келажагига зарар етказиши ҳақида айтиб ўтди. 


“Ўқитувчиларни худди йигирма йил олдинги каби яна хонадонларни айланиб чиқишга ва ўқувчилар рўйхатини тузишга мажбур қилишаётгани ҳақида эшитиб, жуда хафа бўлдим. Ўқитувчиларни ортиқча ишларга мажбур қилиш нафақат мактабга, балки Ўзбекистон келажагига ҳам зарар етказади. 


Мен барча масъул шахслардан ушбу муаммони имкон қадар тезроқ ҳал қилиш ва ўқитувчилардан дарс беришдан бошқа барча вазифаларни озод қилишини сўрайман.


Ҳозир мамлакатимизда таълим биринчи рақамли устувор масаладир. Биз ўқитувчиларга текин хизматкор ходим сифатида қарашга барҳам беришимиз шарт”, — деганди Саида Мирзиёева.


Бундан олдин Наманган вилоятининг Чуст тумани халқ таълими бўлимининг телеграм каналида мактаб директорларига “антиқа топшириқ” берилгани акс этган суратлар тарқалганди.


Унда “ҳурматли мудирлар, ҳар бир мактаб директори кўмирхона олдида расмга тушиб, сизга юборади. Сиз ушбу гуруҳга мактаб кетма-кетлигида юборинг...” дея ёзилганди. Яна бир топшириққа кўра,  мактаб директорлари “вилоят ҳокимлигига фотоалбом топшириш учун ҳар бир мактабдан 2 нафардан ходимнинг уйида қишга қилинган картошка, сабзи, пиёз, гуруч, ёғни расмини олиб... иқтисодчиларга ташлаб бериши” керак бўлган.


Ушбу хабарларга вилоят халқ таълими бошқармаси муносабат билдириб, ҳолатни “англашилмовчилик” деб баҳолаган.


“Телеграм каналида акс этган хабар умуман ҳақиқатга тўғри келмаслиги, ёзувлар  туман халқ таълими бўлими телеграм каналига масъул шахс томонидан англашилмовчилик сабаб кетиб қолганлиги ва бу борада туман халқ таълими бўлими мудири, телеграм админи келгусида ҳақиқатдан йироқ ва ноўрин хабарларни жойламаслиги юзасидан жиддий огоҳлантирилди”, — дейилади расмий муносабатда.


ХТБ ушбу топшириқни рад этиб, хабар англашилмовчилик сабаб гуруҳга ташланганини айтди. Лекин у ким томонидан ва нима мақсадда ёзилганига изоҳ бермади? Бу билан бошқарма ўзи ёки бошқа ташкилотнинг «айбини яширишга» унингандек гўё. 


Мамлакат келажаги бугун мактабда таҳсил олаётган ёшлар қўлида. Ёшларнинг сифатли билим олиши эса ўқитувчилар билан бевосита боғлиқ. Шундай экан, ўқитувчиларга нисбатан муносабатни ўзгартириб, уларнинг ўз вазифаларини бажаришига шароит яратиб бериш керак.

 

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 10 май куни Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори қабул қилинган. Унда таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари, бошқа буджет ташкилотлари ходимларини, таълим муассасалари ўқувчилари ва талабаларни мажбурий меҳнатга, шу жумладан туман ва шаҳарлар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари, металл чиқиндилари ва макулатура йиғиш, шунингдек, бошқа турдаги мавсумий ишларга жалб қилиш ҳолатларининг зудлик билан олдини олиш ва бунга чек қўйиш белгилаб қўйилган. 

 

Шунингдек, қонунга биноан, фуқароларни, хусусан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаси, бошқа буджет ташкилотлари ходимларини, талабалар ва таълим муассасалари ўқувчиларини мажбурий жамоат ишларига бевосита ёки билвосита жалб қилган мансабдор шахсларга нисбатан қатъий интизомий чоралар кўрилади.

 

Жавоҳирбек Турсунов

 

custom img

Ёшлар замонавий меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитилади

Президент Хоразм илғор касбий маҳорат техникуми ва Касблар шаҳарчаси фаолияти билан танишди.

custom img

Томди туман суди раиси лавозимига мажбуран тайинлангани ҳақидаги хабарлар рад этилди

Судьялар олий кенгаши унинг тайинлови ЙТҲ билан боғлиқ экани ҳақидаги тахминларни асоссиз деб атади.

custom img

Президент “Тилло домор” корхонасининг янги ишлаб чиқариш мажмуаси фаолияти билан танишди

Корхонада 70 дан ортиқ турдаги сут маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, йилига қарийб 100 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланади.

custom img

Урганч халқаро аэропортида йўловчиларга хизмат кўрсатиш қуввати соатига 300 нафардан 1 минг 300 нафаргача ортади

Президент Урганч халқаро аэропортининг расмий делегациялар учун мўлжалланган янги терминалини кўздан кечирди.

custom img

Омскдаги ёнғинда жароҳатланган икки ўзбекистонликнинг аҳволи оғир экани маълум қилинди

Улардан бири сунъий нафас олиш аппаратига уланган, иккинчиси ҳам реанимация бўлимида даволанмоқда.

custom img

Трамп Макка келишувини Яқин Шарқнинг бирлашуви деб атади

АҚШ президенти мазкур битим минтақа давлатларининг ўзини ҳимоя қилиш имкониятларини кучайтиришини таъкидлаган.

custom img

Жанубий Корея ва АҚШ қўшма ҳарбий машғулотларни бошлади

Маневрларда Жанубий Кореянинг қарийб 18 минг ҳарбий хизматчиси қатнашмоқда.

custom img

Муддатли тўлов хизматлари операторлари фаолияти йўлга қўйилади

Банклар ва микромолия ташкилотларидан ташқари, муддатли тўлов хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар оператор деб эътироф этилади.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"