Тарихга айланган операция ёҳуд тиббиётимиз учун муҳим қадам
Ўшлик cиам эгизаклари билан боғлиқ жарроҳлик операцияси аслида қандай амалга оширилган эди?

2022 йилнинг 19 декабрь куни Республика перинатал маркази қошидаги Неонатал хирургия марказида Ўзбекистон тиббиёти тарихида илк бор мураккаб жаррроҳлик операцияси ўтказилди. Унда республикамизнинг ўндан ортиқ энг тажрибали шифокорлари иштирок этди. Жарроҳлик амалиёти тиббиёт соҳасида 30 йиллик тажрибага эга, тиббиёт фанлари доктори, профессор Бахтиёр Эргашев томонидан амалга оширилди.
Чақалоқларнинг бирлашиб кетишига сабаб нима?
Сиам эгизаклари – ривожланиш даврида эмбрионал жиҳатдан бир-биридан тўлиқ ажралмаган эгизак ҳомилалар ҳисобланади. Уларнинг тана қисмлари, ички органлари бир-бирига бириккан бўлади. Статистик маълумотларга кўра, ҳар икки юз минг туғруқнинг бирида турли аномалиядаги сиам эгизаклари дунёга келади. Уларнинг тенг ярми эса ўлик ҳолда туғилади. Тирик туғилган бундай эгизакларнинг катта қисми аёл жинсли бўлади.
Бирлашган эгизакларнинг нима сабабдан бундай тарзда ривожланишини асослашга ҳаракат қиладиган иккита назария мавжуд. Биринчи назарияга кўра, битта уруғлантирилган тухум бир хил эгизакларни шакллантириш жараёнида тўлиқ бўлинмайди. Агар зигота бўлиниши эмбрион дискнинг ривожланишидан икки ҳафта ўтгач содир бўлса, бу бирлашган эгизакларнинг шаклланишига олиб келади. Иккинчи назарияга кўра иккита уруғланган тухумнинг қўшилиши ривожланиш даврида содир бўлади. Примитив тугун ва примитив чизиқнинг қисман бўлиниши бирлашган эгизакларнинг шаклланишига олиб келиши мумкин. Бу эгизаклар бирлашишнинг табиати ва даражасига кўра таснифланади. Баъзида монозигот эгизаклар фақат умумий тери кўприги ёки умумий жигар кўприги билан боғланади.
“Опа-сингил қуда бўлиши оқибатида cиам эгизаклари дунёга келган”
Ўтган йили Қирғизтон республикаси Ўш вилоятида бир оилага келин бўлиб тушган аёлнинг ҳомиласи 27-ҳафталигида текширилганида унинг қорнидаги чақалоқ сиам ҳолатида экани маълум бўлади. Шифокорлар бу онанинг ҳаёти учун жуда хавфлилиги ва унга ҳеч қандай чора кўролмасликларини айтишади. Шундан сўнг қайнона келинини Ўшдан Бишкекка олиб боради. У ерда ҳомила шифокорлар томонидан «кесарча» усулида амалга оширилади. Болаларнинг иккаласи ҳам соғлом дунёга келади. Ўшанда уларнинг вазни бор-йўғи бир килограму олти юз грамм бўлади. Маҳаллий шифокорлар онага бу болалар барибир яшаб кетолмайди, ўн кундан кейин ўлиб қолиши мумкинлигини айтишади. Бироқ қайнона келинини олиб Ўшга қайтади ва чақалоқларга биргаликда қарай бошлашади. Аста-секин уларнинг вазни ошади.
Орадан бир ярим ой ўтгандан сўнг ўшлик оила Андижондаги қариндошларидан Ўзбекистондан сиам эгизакларни ажрата оладиган шифокорлар ҳақида сўрайди. Улар эса Бахтиёр Эргашевга мурожаат қилади. Эргашев ижтимоий тармоқлар орқали ўзининг тиббиёт соҳасида амалга оширган ишлари билан машҳур эди. Андижонлик қариндошлар Бахтиёр Эргашев билан боғланади ва ҳолат ҳақида маълумот беради. Барча маълумотларга эга бўлган шифокор масофадан чақалоқларнинг ҳолати ҳақида қайнонадан сўраб туради. Бу орада опа-сингилнинг қуда бўлгани сиам эгизаклари туғилишига олиб келгани маълум бўлади. Шифокор бу турдаги касалликка қарши аввал ҳеч қандай иш қилмагани, бироқ операция жараёнини кузатгани ва гувоҳ бўлганини таъкидлайди.
Шифокор бир қатор таҳлиллар учун беш-олти ой вақт кетишини айтади. Октябрь ойида она ва болаларни Тошкентга таклиф қилади. Шундан кейин тўлиқ текширув ўтказилади. Шунда жигар орқали улар бирлашгани маълум бўлади. Бироқ эгизаклардан бирининг ички аъзолари тескари жойлашганди. Аммо бу уларнинг ҳаётига ҳеч қандай хавф тўғдирмас эди. Кейин бир ҳафта давомида шифокор чақалоқларнинг бир-бирига муносабати ва характерини ўрганади. Текширувлардан кейин Эргашев аниқ бир қарорга келиши ва бошқалар билан маслаҳатлашиши кераклигини айтади. Шунингдек хоҳласа оилага уларни бошқа давлатларга ҳам олиб бориши мумкинлиги таъкидлайди. Лекин улар шифокорга ишонч билдиришади. Эгизаклар жигар орқали боғланган бўлишига қарамай, уларнинг ўт пўфакчалари алоҳида эди. Шундан сўнг профессор чет эл фуқароларининг Ўзбекистон шифохоналарида ётиши пулли бўлгани, бундан ташқари, оиланинг яшаши ўртача экани учун уларни Ўшга кетавериши, аниқ бир хулосага келганидан кейин чақиртиришини айтади. Бу орада шифокор бу оила билан доимий мулоқот қилиб туради.
Тўплаган барча маълумотларининг ҳаммасини таҳлил қилган Бахтиёр Эргашев россиялик ҳамкасбини бунга жалб қилмоқчи бўлади. Кейинчалик бундан воз кечади. Аммо операцияни амалга оширишга қарор қилади. Бунга тажрибали шифокор Насриддин Шамсиддинов каби ўзининг устозларини ҳам жалб этади. 28 ноябрь куни чақалоқларни олиб келишлари ҳақида маълум қилади. Бу орада эса шифокор Германияга амалиёт ўташ учун бориб келади. Бироқ у ерда ҳам бу бўйича етарлича тажриба йўқлигини англайди. Аммо Бахтиёр Эргашевнинг қарори қатъий эди. У “You tube” платформаси ва бошқа манбалардан ўтказилиши аниқ бўлган операция бўйича айрим маълумотларни ўрганишга муваффақ бўлади.
Ноябрь ойида кунлар совуб қолгани ҳисобига чақалоқлар чегарадан ўтаётганда шамоллаб қолишади. Шунинг учун Эргашев режалаштирган операция бир муддатга кечикади. Сабаби, шамоллаган чақалоқларни операция қилиш мумкин эмасди. 2-3 ҳафта чақалоқлар махсус палатада даволанади. Ходимлар уларнинг ҳолидан доимий назорат қилиб боради. Эгизаклар бутунлай соғломлаштирганидан кейин 19 декабрь куни операция қилинади. Бахтиёр Эргашев устозлари ва шогирдлари билан биргаликда операцияни мустақил тарзда ўтказади. Замонавий техналогиялар жарроҳлик амалётини ўтказишга ёрдам беради. Жигар сотиб олиниб, унинг қандай ишлаши ва бошқа жараёнлар синаб кўрилади. АҚШдан олиб келинган қонни тўхтатиш техналогиясининг қандай ишлаши эса бир кунда ўзлаштирилади. Ўзбекистондаги энг тажрибали шифокорлар иштирокида бошланган операцияда ҳар битта қилинадиган ҳаракатлар олдиндан режалаштириб олинади. 19 декабрь куни соат ўнда тарихий жарроҳлик амалиётига киришилади. Операцияни устозларининг дуоси билан бошлаган Бахтиёр Эргашев уларнинг ёрдами билан бу жараённи муваффақиятли якунлайди. Операция роппа-роса икки соату қирқ беш минут давом этади. Бир ярим соатда чақалоқларни ажратиб олган шифокорлар кейин икки гуруҳга бўлинган ҳолда эгизакларни алоҳида операция қилишади. Шу тариқа жамоавий иш кўнгилдагидек якунланади.
Ўзбекистонда бундай ҳолатлар аввал учраганми?
Профессор Бахтиёр Эргашевнинг айтишича, у илгари икки марта сиам эгизаклари билан боғлиқ ҳолатларга дуч келган. 2008 йил Хоразм вилоятида шундай чақалоқлар дунёга келади. Уларнинг операция қилган россиялик ҳамкасбининг бу амалётида қатнашган Эргашев ўзига етарли тажриба тўплайди. Бундан ташқари, 2012 йил Андижон вилоятидан ҳам шифокорга шундай мурожаат бўлади. Аммо уларни операция қилишнинг имкони бўлмайди. Маълумотларга кўра, ўша эгизак Фотима ва Зуҳра Ҳолиевалар айни дамда 11 ёшда бўлиб, улар 2017 йил Андижон вилояти Қўрғонтепа туманидаги Ногиронлиги бўлган шахслар мурувват болалар уйига олиб келинган. Эгизак қизалоқларнинг ота-онаси ҳақида маълумотлар мавжуд эмас.
Бундан ташқари, 2020 йил 27 июнь куни Самарқанд вилоятида икки бошли чақалоқ дунёга келгани ҳақида хабар берилди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати эгизаклар бир неча кун ўтиб, яъни 6 июль куни вафот этганини маълум қилганди.
Жамшидбек Амиров тайёрлади







