“Цикада” вируси Ўзбекистонга хавф солмоқдами?
Санепидқўм вакили Нурмат Отабеков вазият юзасидан изоҳ берди.

Сўнгги вақтларда дунё бўйлаб CОVID-19'нинг “Цикада” (BА.3.2) деб номланган янги штамми тарқалаётгани ҳақида хабарлар берилмоқда. Ушбу вазиятга мутахассис томонидан изоҳ берилди.
Маълумотларга кўра, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖСТ) ушбу мутация ҳозирга қадар АҚШ, Гонконг, Мозамбик ва Буюк Британия каби жами 23 та давлатда қайд этилганини билдирган.
Мазкур ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматига Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Нурмат Атабеков изоҳ берди.
Унинг таъкидлашича, BА.3.2 штамми яқинда аниқланган эмас ва у тез тарқалмаслиги билан ажралиб туради. Шу хусусияти сабабли унга узоқ вақт “уйқуда” бўладиган ҳашарот — “цикада” номи берилган.
Мутахассисга кўра, ЖСТ ҳозирча ушбу штамм кенг тарқалиши ёки жиддий асоратларга олиб келиши мумкинлиги бўйича асосли хулоса чиқармаган. Шунингдек, унинг бошқа штаммларга нисбатан хавфлироқ эканига оид етарли далиллар мавжуд эмас.
Дастлабки таҳлиллар “Цикада” штамми клиник жиҳатдан “Омикрон” вариантига ўхшаш кечишини кўрсатмоқда. У нафас йўллари зарарланиши, жумладан бурун битиши, йўтал, томоқ оғриғи, қизариш, айрим ҳолларда ҳид ва таъмни сезмаслик каби аломатлар билан намоён бўлиши мумкин.
Мутахассиснинг таъкидлашича, ушбу вирус катталарга нисбатан болалар орасида кўпроқ учраши мумкин. Бу, асосан, пандемия даврида катта ёшдагиларнинг аксарияти эмлангани ва уларда иммунитет шакллангани билан изоҳланади. Шу билан бирга, аввал коронавирус билан касалланмаган болаларда касалликка қарши антитаначалар ҳали тўлиқ шаклланмаган бўлади.
Бундан ташқари, сурункали касалликларга эга шахслар, нафас йўллари хасталиклари билан оғриганлар, иммунитети паст ва кекса ёшдагилар учун хавф сақланиб қолади.
Мутахассислар вирус аниқланган ҳудудлардан қайтган шахслар билан мулоқотни чеклашни тавсия этмоқда. Бироқ, уларнинг фикрича, “Цикада” штамми эпидемия ёки пандемияга сабаб бўлиши эҳтимоли паст.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда эпидемиологик вазият барқарор бўлиб қолмоқда. Аҳолининг қарийб 80 фоизида жамоавий иммунитет шакллангани бу борада муҳим омил сифатида кўрсатилмоқда.
Аввалроқ коронавируснинг мазкур штамми билан касалланганлар АҚШ, Буюк Британия, Гонконг ва Мозамбикда қайд этилгани ҳақида хабар берилганди.








