От ўрнини той босар ёхуд давлат бошқаруви отамерос қолган президентлар
Қизиқарли сиёсат лойиҳасининг бугунги сонида раҳбарлик курсисини отасидан мерос олган президентлар ҳақида маълумот берамиз.

Президент сайловлар орқали ҳокимият тепасига келади. Авлоддан-авлодга ўтувчи монархия принципидан фарқли жиҳат ҳам шу, аслида. Аммо дунёда ўз отасининг ўрнини бевосита ёки билвосита эгаллаган президентлар ҳам йўқ эмас. Қизиқарли сиёсат лойиҳасининг бугунги сонида раҳбарлик курсисини отасидан мерос олган президентлар ҳақида маълумот берамиз.


Оқ уйга эгалик қилган яъни АҚШ президентлари орасида ота-ўғил Бушларнинг алоҳида ўрни бор. 1946 йилда АҚШнинг Коннектикут штати Нью-Хэйвен шаҳрида туғилган Жорж Уокер Буш 2001-2009 йилларда мамлакатнинг 43-президенти бўлган. Унинг отаси Жорж Герберт Уокер эса 41-президент сифатида 1989-1993 йилларда давлатни бошқарган.
АҚШда собиқ президент атамаси қўлланмайди ва бу лавозимни эгаллаган инсон умрбод шу ном билан, фақат рақамларини кўрсатган ҳолда (масалан 41-,43-президент) номланади. Иккита бир хил исм-шарифли президентларнинг борлиги чалкашликларни келтириб чиқармаслиги учун «катта» ва «кичик» қўшимчалари қўлланилади. Шунинг учун ҳам, айнан, ота ва ўғил Жорж Бушлар учунгина «катта» ва «кичик» қўшимчалари қўлланилади.


КХДР тузумини аввалдан Кимлар сулоласи бошқариб келади. Дастлаб Ким Ир Сен бу давлатнинг илк раҳбари сифатида тарихда қолган. 36 йиллик бошқарувдан сўнг, 1994 йилда унинг ўлими аҳоли шу даражада қайғуга соладики, ҳатто кўплаб фуқаролар буни кўтара олмай диктаторнинг ортидан боқий дунёга риҳлат қилгани айтилади. «Давлат ва миллатнинг буюк доҳийси», «Порлоқ юлдуз», «Беқиёс биродар», «Ҳарбий соҳада даҳоларнинг даҳоси», «Халқ отаси», «Ҳурматли (энг юқори, ақлли, ягона, севимли...) раҳбар», «Қимматли ота», «Коммунистик келажак қуёши», «Давлатлар бирлашуви кафолати», «Йўлчи юлдуз» каби номларни ўзида жамлаган мамлакат раҳбари лавозими 1970 йилда Ким Ир Сеннинг ўғли Ким Чен Ир қўлига ўтди.
Ким Чен Ир отасининг сиёсатини “садоқат” билан давом эттирди ва мамлакат ўзининг сиёсий режимидан оғишмади. Бироқ 2011 йилда Ким Чен Ир вафот этади. Шундан сўнг эса ҳокимият бошқаруви ёш ва тажрибасиз Ким Чен Ин қўлига ўтади.
Маълумотларга кўра, Ким Чин Иннинг болалиги Швейцарияда Шимолий Корея дипломатининг ўғли ниқоби остида ўтган. У Шимолий Кореяга раҳбар бўлгач мамлакатда ҳарбий парадлар, ядровий синовлар ва шахсга сиғиниш ҳолатлари кучайди.
Бир қарашда ҳокимият авлоддан авлодга ўтаётгандек туйилсада, бу мамлакатда ҳам давлат раҳбарлигига сайловлар бўлади. Фақат уларнинг ўзига хос жиҳати ягона номзод кўрсатилади (уларнинг кимлигини яхши биласиз) ва бу номзоднинг 100 фоиз овоз тўплагани эълон қилинади.


Илҳом Алиев лавозимни отасидан кейин эгаллаган шахс. Унинг отаси Ҳайдар (Гейдар) Алиев 1993-2003 йилларда Озарбайжон президенти бўлган. Отасининг вафотидан кейин Илҳом Алиев президентликка ўз номзодини қўйган ва шундан кейин қаторасига тўрт марта — 2003, 2008, 2013 ва 2018 йилларда сайловларда ғолиб бўлиб, давлатни бошқариб келмоқда. Унинг рафиқаси Меҳрибон Алиева мамлакатнинг вице-президенти ҳисобланади. Унинг ўғли кичик Гейдар Алиев ҳали 22 ёшда ва у бизнес билан шуғулланади.


Ота-бола Бердимуҳамедовлар. Гурбангули ва Сардор Бердимуҳамедовлар номи Турманистон республикаси тарихида ўчмас из қолдирмоқда.
2007 йилда Сапармурод Ниёзов вафотидан сўнг унинг ўрнига Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманистон президенти бўлди.
2022 йил 11 февраль куни Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ўз лавозимини ёш етакчиларга топшириб, Халқ маслаҳати раиси сифатида қолишини маълум қилди ва ҳукумат тепасига унинг ўғли Сардор Бердимуҳаммедов келди.
Сардор Бердимуҳамедов 2011-2013 йилда БМТнинг Женевадаги (Швейцария) бўлими Туркманистон ваколатхонасида маслаҳатчи лавозимида ишлаган. Бундан ташқари, 2016-2019 йиллар оралиғида Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги Халқаро ахборот бошқармаси бошлиғи лавозимида ҳам фаолият юритган.
Баҳринисо Мадумарова







