Ўзбекистон

Натижа берган қўрқув, нобуд бўлган кўчатлар ва чув туширишга бўлган уриниш

Қир-адирлар орасида узум етиштирган нурдумлик боғбон ҳикояси.

Натижа берган қўрқув, нобуд бўлган кўчатлар ва чув туширишга бўлган уриниш

 

Самарқанд вилоятида жойлашган Нуробод тумани асосан, ясситоғлик, текислик, адир ва қирлардан иборат бўлиб, иқлими континентал, йиллик ёғин миқдори 275 миллиметрни ташкил этади. Аҳолининг кўпчилиги текислик, адир ва қир ҳудудларида истиқомад қилади. Туман хўжалиги асосан, чорвачилик ва деҳқончиликка ихтисослашган. Аҳолининг жуда кам қисми боғдорчилик билан шуғулланади. Бунга асосий сабаблардан бири сув етишмаслиги билан боғлиқ муаммонинг мавжудлигидир. Бироқ, туманда шундай меҳнаткаш инсонлар борки, улар бу каби ҳолатлар асосий мақсадга эришишда тўсиқ бўлолмаслигига ишонишади.

 

Ҳар қандай ўзбек оиласи ўзи яшайдиган уй олдига ҳеч бўлмаганда, бир тўп кўчат экиб, унинг соясида соялашни, бир бор мевасидан тотиб кўришни яхши кўради. Хонадонининг атрофига гулларнинг турфа хилларини ўтқазиб, унинг бўйидан сармаст бўлишни ёқтиради. Ариқларда сув шарқираб оқиб турган ҳудуд одамларида бир дона кўчатни вояга етқазишда унчалик қийинчилик бўлмаслиги мумкин. Аммо, атрофи қир-адирлардан иборат бўлган, фақатгина ер ости сувларидан фойдаланиш имконига эга бўлган инсонлар битта ниҳолни нес-нобуд этмай катта қилиши яхшигина қийинчиликларни талаб этади. Биттагина кўчатнику бир амаллаб ўстириб оларсиз, бироқ каттагина боғ ташкил қилиш азобини уни барпо этган боғбондан бошқа ҳеч ким ҳис қилолмайди.

 

Нуробод туманида жойлашган Нурдум қишлоғи аҳолисининг кўпчилиги ичимлик сувини сотиб олади. Айримлар эса истеъмолга яроқсиз бўлган ер ости суви, яъни, қудуқлардаги сувдан истеъмол қилишади. Қишлоқда бир тўп ниҳол етиштириш осон иш эмас. Лекин, нурдумлик Элдор ака Мусаев уйининг ёнида бўш ётган ердан унумли фойдаланиб, каттагина узумзор ташкил қилган. Бугунги кунда у бунинг ортидан яхшигина даромад топиб, рўзғoрининг камини тўлдирмоқда.

 

— Узумчилик фаолиятимни бошлашимдан асосий мақсад бўш ётган ердан унумли фойдаланиш, даромад топиш ва уйимнинг олдини кўкаламзорлаштиришдан иборат бўлган, - дейди қаҳрамонимиз. Бу ишни бошлаганимдан сўнг билимсизлигим ва тажрибасизлигим туфайли кўп бор қийинчиликларга дуч келганман. Бизда сув билан боғлиқ муаммолар бўлганлиги сабабли, кўпчилик одамлар боғдорчиликка унчалик қизиқишмайди. Улар асосан чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланишади.

 

 

Қир ёнбағрида ташкил этилган узумзор ёнидан ўтадиган инсонларнинг кўзида ўзгача ҳайратни илғаш қийин эмас. Сабаби, атрофи қир-адирлар билан ўралган дашт ҳудудида ана шундай боғ барпо этиш учун кўп машаққатларга тайёр туриш лозим. Элдор ака узум етиштиришнинг қийинчиликлари ҳақида гапирар экан, унинг меҳнати жуда оғир эканини таъкидлади.

 

— Бир неча бор кўчатлар сўлиб, нобуд бўлганига қарамай, тўхтаб қолмадим ва бугунги натижага эришдим. Ҳар қандай ишни бажаришдаги биргина эътиборсизлик сизни мақсадларингиздан анча узоқлаштириб юбориши мумкин. Шу сабабли ток етиштириш ўта нозик ва эҳтиёткорликни талаб қилгани боис, биринчи навбатда бу соҳадаги керакли билимларни ўзлаштиришга муваффақ бўлдим.

 

 

Қаҳрамонимиз уйининг ёнидан артезиан қудуқ қаздиради ва унинг сувини тўплаш мақсадида яна бир махсус жойни ҳозирлайди. Шундан кейингина йиғилган сув узумзорни суғориш учун фойдаланилади. Элдор ака дастлаб бу қарорга келиш учун жуда кўп ўйлангани ва ичидаги қурқувни қандай енггани ҳақида сўзлаб берди.

 

— Аввал қўрқардим. Қандай бўлар экан? Бошлаётган ишларим ўз натижасини берармикан? Бундай иқлимли шароитда узум етиштиришни имкони борми? - деган саволларни ўзимга кўп-кўп берганман. Аллоҳга шукур ҳозирги кунда барчаси мен ўйлаганимдан-да ижобий натижа берди. Икки йил ичида узумимизнинг харидори ортди, кўпчилик қишлоқдошларимиз мақтаб-мақтаб харид қилишяпти, дуо қилишяпти. Айни вақтда узумчиликнинг ортидан топаётган даромадим рўзғорнинг кам-кўстларини ёпишга бемалол етяпти. Инсон мақсади йўлида ҳар қандай қийинчиликларга тайёр туриши керак. Мисол учун, бу йилги қиш жуда ҳам қаттиқ келди. Кўпчилик одамларнинг токларини совуқ уриб кетди. Шу сабабли ҳам Ўзбекистон ҳудудида узум ўтган йилгига қараганда кам етиштирилди. Нарх-наво ҳам шунга яраша бўлмоқда. Бу ҳолатлардан шундай хулосага келиш мумкин, яъни, инсон ҳар қандай қийинчиликларга доим тайёр туриши лозим.

 

Узум савдо ҳажми бўйича энг кўп истеъмол қилинадиган мевалар орасида дунёда банандан кейин иккинчи ўринни эгаллайди. Жаҳон миқёсида узум савдоси ҳар йили 3,6% ёки 336 миллион долларга ошиб, мунтазам ўсишда давом этмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон ҳудудида «Қора кишмиш», «Оқ ҳусайни», «Келинбармоқ», «Кетмонсопи» ва «Ризамат» навлари кенг экилмоқда.

 

 

Элдор аканинг маълум қилишича, узум ҳар қандай шароитга мослашиб кетади. Қаҳрамонимиз етиштирган узум навлари эса «Сирли бой» ва «Гигант» навлари сирасига киради. У бу кўчатларни Иштихон туманидан олиб келиб ерга ўтқазган.

 

— Узумчиликни бошлашдан олдин авваламбор ерни яхшилаб текшириш, унинг атрофини ўраш лозим. Сабаби узумзорга ҳайвонлар зарар етказиши мумкин. Кейин эса унинг ишончли навини экиш тавсия этилади. Шахсан ўзим узум навини бозордан олиш керак деб ўйлардим, бироқ у ерда савдо қиладиганлар бошқа навларни ҳам сотишга уриниб сизни «чув» туширишга ҳаракат қилишаркан. Шунинг учун навни ишончли жойдан харид қилиш керак.

 

 

Элдор Мусаев аслида туман марказидаги ташкилотлардан бирида фаолият юритади. У бугунги кунда ишдан чарчаган вақтлари узумзорини айланиб, боғдан ўзгача қувват олади. Элдор ака барпо этган мўъжаз боғ кўп йиллар давомида, нафақат қишлоқ одамларини балки, бошқа ҳудуд аҳолисини ҳам узум билан таъминлаши, авлодларга эса мерос сифатида қолиши табиий. «Яхшидан боғ қолади, ёмондан доғ», - деган мақол халқимиз орасида бежизга айтилмаган. Нурдумлик боғбон етиштирган узумларнинг донғи тилдан-тилга достон бўлаверсин.

 

Жамшидбек Амиров тайёрлади.

custom img

Ўзбекистон чорвачилиги экологик технологиялар ёрдамида барқарор ривожланмоқда

FТА лойиҳаси асосида сувни тежаш, озиқа самарадорлигини ошириш, чиқиндиларни ресурсга айлантириш ва яйловларни тиклаш имкониятлари яратилади.

custom img

“Ўзбекистон темир йўллари” поезд чипталари етишмаслиги бўйича изоҳ берди

Хизмат сифатини ошириш учун қўшимча поездлар ҳаракатини йўлга қўйиш ишлари давом этмоқда.

custom img

Ўзбекистонда Тўловга қобилиятсизлик ишлари бўйича агентлик ташкил этилиши режалаштирилмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев тўловга қобилиятсизлик институтини такомиллаштириш ҳамда молиявий қийинчиликка дуч келган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича янги таклифлар билан танишди.

custom img

“Самарқанд 2028” сунъий йўлдоши май ойида учирилади

Қурилма Хитойнинг StarVision компанияси томонидан ишлаб чиқилган.

custom img

ППХ ходимига қўл кўтарган ҳайдовчининг ИИБдаги акаси ишдан олинди

Унинг воқеага аралашишга уриниши хизмат ваколатларидан нотўғри фойдаланиш эҳтимоли сифатида баҳоланди.

custom img

“Иссиқлик электр станциялари” АЖда ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказилди

Мулоқот давомида ёш мутахассисларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда малака ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

custom img

Россияда жазо ўтаётган 3 мингдан ортиқ ўзбекистонлик маҳкум ватанга қайтарилиши мумкин

Бунинг учун Ўзбекистон маҳкумларни ўз фуқаролиги бўлган давлатга топшириш бўйича халқаро конвенцияга қўшилиши лозим.

custom img

Чет эл фуқароларига Ўзбекистонда ўқиш учун стипендия ажратилади

Шунингдек, 10 та ОТМга миллий тадқиқот университети мақоми берилади.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"