Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларини табриклади
Табрикда таълим соҳасидаги ютуқлар қайд этилиб, илғор педагоглар учун Абдулла Авлоний номидаги давлат мукофоти таъсис этилиши маълум қилинди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан мамлакат педагогларини табриклади.
Президент ўз табригида таълим соҳасида сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижаларини қайд этди. Таъкидланишича, ҳозирда мамлакатдаги 40 минг нафар ўқитувчи 1 минг доллардан, 1,5 минг нафари эса 2 минг доллардан ортиқ маош олмоқда.
Шунингдек, жорий йилда янги форматда ўтказилган «Йил ўқитувчиси» танловининг 208 нафар туман ва шаҳар босқичи ғолибларига жами 616 миллион сўмдан мукофот берилган. Мазкур рағбатлантириш механизмларини келгуси йилдан боғча тарбиячилари ва техникум усталарига ҳам жорий этиш режалаштирилган.
Қайд этилишича, сўнгги ўн йилда мамлакатда 1,8 миллион ўринли боғча ва 1,5 миллион ўринли мактаблар барпо этилган, 10 мингдан зиёд боғча ва мактаб замонавийлаштирилган. Олий таълим муассасалари сони эса 77 тадан 205 тага етган, олий таълим билан қамров 45 фоизга ошган.
Президент халқаро таълим ва фан мусобақаларидаги натижаларга ҳам тўхталди. 2026 йилда Ўзбекистон ўқувчилари халқаро олимпиадаларда 228 та медални қўлга киритган. Бу йил хорижий тил ва фан сертификатига эга ўқувчилар сони 100 минг нафарга етган, қарийб 5 минг нафар мактаб битирувчиси олийгоҳларга киришда энг юқори балл тўплаган.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг 15 ёшли ўқувчилари PISA халқаро тадқиқотида табиий фанларни ўзлаштириш бўйича 32 поғонага кўтарилиб, 48-ўринни эгаллагани қайд этилган.
Табрикда келгуси ўн йил мамлакат учун миллий юксалиш даври сифатида белгиланганини таъкидлаб, таълим-тарбия тизимини ривожлантириш бўйича янги вазифалар белгиланди.
Жумладан, илғор педагогларни рағбатлантириш мақсадида Абдулла Авлоний номидаги давлат мукофотини таъсис этиш тўғрисида қарор қабул қилингани маълум қилинди.
Президент барча устоз ва мураббийларни байрам билан яна бир бор табриклаб, уларга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат ва фаолиятида муваффақият тилади.








