Ўзбекистоннинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш: муаммо, ечим, амалиёт
Президент ҳузуридаги Давлат бошқарув академиясида “Ўзбекистоннинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш масалаларига бағишланган халқаро конференция бўлди.

Ҳар бир инсон ўз юрти тараққиёти, унинг нуфузини халқаро рейтингларда юқорилаганини кўришни истайди. Хусусан, ривожланаётган Янги Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятидаги нуфузи тобора ортиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академиясида ташкил этилган “Ўзбекистоннинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш муаммолари: назария, амалиёт ва стратегия” мавзусида халқаро илмий-амалий конференцияда ҳам айни масалалар муҳокама марказида бўлди.

Академия, Тошкент Сингапур менежментни ривожлантириш институти,“Sciyence and innovation” халқаро илмий журнали ҳамкорлигидаги ушбу анжуман соҳа экспертлари, олимлар ва ёш тадқиқотчиларни бир манзилга жамлади.
Халқаро рейтинг ва индекслар дунёдаги институционал муҳитнинг сифатини баҳолашда иқтисодий ривожланишнинг асосий шарти сифатида жаҳон ҳамжамияти томонидан қабул қилинган воситадир. Улар нафақат экспертлар, балки давлатлар даражасида ҳам ислоҳотлар ва ижтимоий-иқтисодий сиёсат мезони сифатида қўлланиб келинади.
Кейинги йилларда мамлакатимиз кўпгина устувор рейтингларда юқорилаб бораётгани юртимизда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, жамиятимизда очиқлик, ошкораликни таъминлаш борасида қилинаётган эзгу ишларнинг муҳим натижасидир.

Хусусан, 2022-йилда Ўзбекистон 2021-йилда эълон қилинган ва ўзи учун устувор деб билган жами 19 та халқаро рейтингдан 11 тасида ўз позициясини яхшилади. Жумладан, 2022-йилда Глобал инновациялар индексида ўз ўрнини 4 поғонага кўтариб, 132 та давлат орасида 82-ўринни, Рақобатбардош саноат унумдорлиги индексида 5 поғонага кўтариб, 154 та давлат орасида 89-ўринни, Электрон ҳукуматни ривожлантириш рейтингида 18 поғона яхшилаб, 193 та давлат ичида 69-ўринни эгаллади.
Конференсияга мавзу юзасидан юртимиз сиёсатчи ва олимларидан 500 дан ортиқ, хорижий тадқиқотчилардан 50 га яқин илмий-мақола ва тезислар келиб тушди ҳамда уларнинг 200 таси танлаб олинди. “Sciyence and Innovation” халқаро илмий журнали билан ҳамкорликда ҳар бир мақолага рақамли идентификатор рақами (ДОИ) олиниб, Польшанинг Indeks Copernikuss, Европанинг Zenodo ва Open Aire, Россиянинг Cyberlinenka, Англиянинг EuroPub халқаро илмий базаларига жойлаштирилди. Google akademiya” халқаро илмий қидирув тизимида индексланди.
Бу эса, анжуман доирасида нашр этилган мақола ва тезислардан дунёнинг турли нуқталаридаги тадқиқотчилар эркин фойдаланишига имкон яратади.








