Миробод туманида фуқаро отиб кетилдими?
Тошкент шаҳар ИИББ тармоқларда тарқалган шов-шувли хабарларга муносабат билдирди.

Ижтимоий тармоқларда гўёки Миробод туманида бир фуқаро отиб кетилгани ҳақида тарқалган шов-шувли хабарларга Тошкент шаҳар ИИББ расмий изоҳ берди.
"Ижтимоий тармоқларда гўёки Миробод туманида бир фуқаро отиб кетилгани ҳақида ёлғон хабарлар тарқалмоқда. Тошкент шаҳар ИИББ шуни маълум қиладики, жорий йилнинг 21 ноябрь куни тахминан соат 22.30 ларда Миробод тумани Нукус ва Авлиёота кўчалари чорраҳасида 1998 йилда туғилган Б.Б. бошқарувидаги Hyundai sonata русумли автомобилда пиёдани уриб юборган. Ҳодиса оқибатида пиёда 1982 йилда туғилган Ф.К. шифохонага олиб борилган, бироқ шифокорларнинг саъй ҳаракатларга қарамай вафот этган", — дейилади хабарда.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ИИББ ижтимоий тармоқ фаоллари ва блогерлардан асосланмаган ва текширилмаган хабарларни тарқатмасликни сўраган.







