Сурхондарёдаги хонадонда майнинг қурилмаси аниқланди
Қурилмадан фойдаланиш орқали давлатга 425 млн зарар етказилган.

Сурхондарё вилоятининг Узун туманида майнинг крипто-активлари қурилмаларини ўрнатган хонадон аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, фуқаро О.Қ фуқаро Ж.У билан ўзаро тил бириктириб, ўз уйида 114 та тўпламдаги майнинг крипто-активлари қурилмасини умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўзбошимчалик билан улаб, давлат ва жамият манфаатларига 425,7 млн сўм зарар етказганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.







