Ангрен кўмир омбори мудири қамоққа олинди
Жами 3 млрд маблағ талон-торож қилинган.

Ангрен кўмир омбори мудири қамоққа олинди. Мудир Музаффар Эргашев, «Кўмир таъминот» МЧЖ мансабдорлари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Омборга жорий йилнинг июн ойидан ноябр ойига қадар 25 112 тонна кўмир маҳсулотлари қабул қилиб олинган. Ҳисоботларда ушбу кўмирнинг 21 411 тоннаси ижтимоий соҳа муассасалари ва аҳолига имтиёзли нархларда тарқатилгани ҳамда жорий йилнинг 11 ноябр ҳолатига омборда қолдиқ 3700 тонна кўмир борлиги акс эттирилган.
Шунингдек, «Кўмир таъминот» МЧЖда ўтказилган солиқ текширувлари жараёнида 1 тонна кўмир нархи аҳолига нисбатан 300 минг 300 сўм ҳамда бюджет ташкилотларига нисбатан 418 минг 245 сўм қилиб белгиланган бўлса-да, жамият томонидан 2022 йил 26 июл кунидан 2023 йил 31 октябр кунига қадар 27 та ҳолатда 15 та бюджет ташкилотига арзон нархларда 7 млрд 869 млн сўмлик 30 130 тонна кўмир реализация қилинган. Ушбу кўмир маҳсулотлари белгиланган нархда сотилганида 10 млрд 958 млн сўм қўшилган қиймат солиғи ҳисоблаш базаси вужудга келиши лозим бўлган. Бу орқали 3 млрд 88 млн сўм бюджет маблағлари растрата қилиш орқали талон-торож қилинган.
Бундан ташқари, жамиятнинг товарлар кирим ва чиқим амалиётлари таҳлил қилинганида тегишли қонун талабларига зид равишда жамият томонидан катта миқдордаги бензин ва дизел ёқилғиси, шунингдек, нефт маҳсулотлари лицензия ва бошқа ҳужжатларсиз реализация қилингани аниқланган.







