Тошкентда Ўзбекистон ва Озарбайжон Биринчи хонимлари учрашуви бўлиб ўтди
Зироат Мирзиёева ва Меҳрибон Алиева Ислом цивилизацияси марказидаги тарихий экспозициялар, жумладан, Усмон Мушафи билан танишди.

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Биринчи хоними Зироат Мирзиёева ва Озарбайжон Биринчи хоними Меҳрибон Алиеванинг учрашуви бўлиб ўтди.
Қўшма дастур доирасида Биринчи хонимлар Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, унинг экспозициялари билан танишдилар.
Ташриф давомида Зироат Мирзиёева ва Меҳрибон Алиева “Исломгача бўлган цивилизациялар” зали, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларига бағишланган экспозициялар ҳамда “Янги Ўзбекистон” залини кўздан кечирдилар. Шунингдек, Ўзбекистон ва Озарбайжон халқлари ўртасидаги кўп асрлик тарихий ва маданий алоқаларни акс эттирувчи музей экспонатлари билан танишдилар.
Биринчи хонимлар ташриф якунида марказнинг маънавий ва меъморий маркази ҳисобланган “Қуръон зали”га ҳам кириб, ундаги ноёб тарихий ёдгорликлар билан танишдилар.
Залнинг энг қимматли экспонатларидан бири — Усмон Мушафи бўлиб, VII асрга оид мазкур қўлёзма Қуръоннинг бизгача етиб келган энг қадимий нусхаларидан бири ҳисобланади. Ноёб ислом ёзма маданияти ёдгорлиги ЮНEСКОнинг “Жаҳон хотираси” халқаро реестрига киритилган.
Самимий суҳбат давомида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги гуманитар ва маданий алоқаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Икки мамлакат халқларини муштарак тарих, бой маданий мерос, анъаналар ва маънавий қадриятлар чамбарчас боғлаб туриши алоҳида таъкидланди.








