“Салимбой” 10 йилга қамалиши мумкин
Унга нисбатан янада оғирроқ айблов қўйилган.

“Салимбой” лақаби билан танилган Абдувалиев Салим Киргизбаевичга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланди. Бу ҳақда бугун бўлиб ўтган матбуот анжуманида Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг биринчи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев маълум қилди.
Аввалроқ Салим Абдувалиевга нисбатан Жиноят кодекси 248-модда 1-қисмида (ўқотар қуролни қонунга хилоф равишда сақлаш) назарда тутилган қилмишни содир этишда гумонланиб, ушлангани хабар берилганди.
Тергов органлари мазкур айбловни янада оғирроғига, яъни ЖК 248-моддаси 2-қисмига (ўқотар қуролни қонунга хилоф равишда сақлаш такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилиши) ўзгартиришган. Мазкур моддада 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш назарда тутилган.
Салим Абдувалиевга мазкур айблов билан жиноят иши қўзғатилган ва унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.







