Самарқандда пора олган икки солиқчи 5 йилга қамалди
Улар тадбиркорнинг қарийб 300 миллион сўмлик солиқ ва пеня қарздорлигини камайтиришда ёрдам бериш эвазига пора талаб қилган.

Олий суд матбуот хизмати хабарига кўра, Самарқанд тумани солиқ инспекцияси ходими Булунғур туманида тадбиркорлик билан шуғулланувчи фуқарога солиқлардан асоссиз ҳисобланган қарздорликни камайтиришда ёрдам беришини айтган. У ушбу хизмати эвазига 1000 доллар талаб қилган.
Аниқланишича, солиқ инспекцияси ходими тадбиркорнинг қарийб 300 миллион сўмлик солиқ ва пеня қарздорлигини камайтиришда Булунғур туман солиқ инспекциясида камерал солиқ текширувлари шуъбаси бошлиғини шерик қилган.
Солиқчи Самарқанд шаҳридаги кафелардан бирида тадбиркордан келишилган пулнинг 500 долларини олаётганида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида ўтказилган суд мажлисида солиқ ходимлари ЖКнинг 210-моддаси (пора олиш) 2-қисми "в" банди билан айбдор деб топилиб, 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди.







