Ўзбекистон

Дарвешона — халқ севган сайил

Бу атаманинг келиб чиқиш тарихи ҳақида эшитганмисиз?

Дарвешона — халқ севган сайил

 

Биз томонлардаги қир-у яйловлар баҳор келиши билан ям-яшил ўтлар билан қопланади. Гўёки, табиат эгнига яшил матодан либос кияди. Ҳисобсиз қирларнинг юзида эса тўп-тўп бўлиб юрган қўй-қўзиларнинг қораси кўзга ташланади. Кўзи ёриганига ҳали бир ой ҳам бўлмаган тойчоқлар кенгликлар бўйлаб тинимсиз югуради.

 

Дадам укам ва мени заранг (зичланган, қаттиқ) ерли ўтлоқ устида қўшни болалар билан олиш туштиради. Воҳа томонда курашни кўп ҳолларда олиш деб аташади. Белимизга аямни рўмолини боғлаб олиб, ўзимизча курашнинг ҳар хил усулларини ўрганишга ҳаракат қиламиз. Биз томонларга баҳор ҳар сафар ана шу таҳлид ташриф буюради. Наврўз байрами муносабати билан ташкил этиладиган сайиллар курашсиз ўтмайди. Дадам эса бизни ўша кураш мусобақаларига тайёрларди. Сабаби, бу каби беллашувларда ҳар бир бола ёки йигит кураш тушиши шарт. Ҳозирга қадар бу анъана биз томонларда давом этиб келмоқда, Дарвешона эса неча йиллардан бери, баҳор келиши билан одамлар интиқ кутадиган Наврўз сайилларидан бири. Унда йиллар оша сақланиб қолган халқ ўйинлари, миллий анъаналарнинг ҳамон авлоддан-авлодга ўтиб давом этиб келаётганига гувоҳ бўлишингиз мумкин. Аслида дарвешона атамаси қаердан келиб чиққан? Унинг халқ орасида севимли Наврўз сайилларидан бирига айланишига сабаб нима?

 

 

Дарвеш-қаландарлар учун мўлжалланган маросим

 

Маълумотларга кўра, дарвешона баҳор фаслида қишлоқларда ва шаҳар маҳаллаларида ҳудудлар аҳолисидан тўпланган пул ёки озиқ овқат ҳисобига ўтказиладиган хайрия маросими ҳисобланади. Унинг келиб чиқиш тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Қадимдан бу маросим эрта кўклам кунларида, Наврўз арафасида ўтказилган. Қишлоқ аҳли, қишлоқ четидаги ҳудудга тўпланиб, жонлиқ сўйишган ва шу ерда бирор таом пиширишган. Бу таомни йўлда кетаётган дарвеш-қаландарлар, сайёҳ-йўловчилар, гадой-тиланчилар ейиши лозим бўлган. Шу сабабдан ҳам бу маросим дарвешона деб аталган бўлиши мумкин деган тахминлар мавжуд. Бундан ташқари дарвешонага тайёрланган таом қишлоқ одамлари томонидан йиғилган пул ёки маҳсулот асосида пиширилган ҳамда ўша ернинг ўзида ейилган. Бу эҳсон таоми ҳисобланганлиги сабабли, уйга олиб кетилмаган. Маросимнинг ҳозирги кўриниши қадимгиларидан бироз фарқ қилади. Илгари дарвешона таомини фақат дарвеш-қаландарлар ҳамда гадоларга тарқатишган бўлса, ҳозир қишлоқ аҳли ўзи тотади. Ёши улуғлар, беморлар, кам таъминланган хонадонлар йўқланади. Сўнгра барча Яратгандан йил баракали келишини, экинлар серҳосил бўлишини сўраб дуо қилишади.

 

Халқни бирлаштирган сайил

 

Қишлоғимизда дарвешона ўтказиладиган куни дадам, укам иккаламизни эрталаб барвақт уйғотарди. Сабаби, сайил ўтадиган ҳудудга бориб, ёши катталарга ёрдам беришимиз лозим бўларди. Биздан ташқари қишлоқнинг барча болалари у ерга йиғиларди. Айримларимиз эшак-араваларда яқин бўлган уйлардан сув ташисак, айрим болалар ўтин йиғишга киришиб кетарди. Менга дарвешона сабаб, бутун қишлоқ аҳли бир жойга йиғилиши, ўзгача хурсандчилик улашарди. Бу ердаги барча бир-бирига баъзи ишларда кўмаклашишар, ҳол-аҳвол сўрашишарди. Гўёки, дарвешона сайли бошқа байрамлардан инсоний туйғуларни бир жойга жамлай олгани билан ҳам ажралиб турарди. Биз болалар буни бир йил давомида интизорлик билан кутардик.

 

 

Қуёшнинг баҳорга аталган нурлари баданни иситишни бошлайди. Қишлоқнинг ҳар тўрт томонидан одамлар сайил ўтадиган жойни қора тортиб келаверишади. Бу вақт ичида ўтган йилдан қолган ер ўчоқ қайта қазилиб, таом учун қозон осилади. Ёши улуғлар аллақачон, сабзиларни тўғраб, ошга солиш учун тайёр ҳолга келтириб қўйишган. Ям-яшил ўтлоқ устига гиламлар ёзилиб, кўрпачалар тўшалган. Узун дастурхон ҳар хил баҳорги ноз-неъматлар билан безатилади. Оловланган қозон узра ҳавога тутун ўрлайди. Атрофга болаларнинг шовқини ёйилади. Тушга яқин қишлоқ аёлларию қизлари кўриниш беради. Сойликнинг бир томонига гиламларни доира шаклида ёзишиб жойлашишади. Бир маҳал ошпазнинг “эйй, хизматдагилар палов пишди, товоқларни тайёрланг” деган овози эшитилади. Шундан сўнг, палов қўлма-қўл қилиниб, биринчи галда аёлларга, ундан кейин кексаларга тортилади. Шунингдек, ошдан беморлар ва кам таъминланганлар учун алоҳида товоқларга олиб қўйилади. Барча таомланиб бўлгач, халқ ўйинларию спорт мусобақаларига старт берилади. Йигитлар давра қуриб кураш тушишса, аёллар арқон тортиш, кўзбойлоғич каби ўйинларни ўйнашади. Дадам давра айланиб укам иккимизни кураш сари ундайди. Ҳатто, ёш бола учун ҳам олишда рақибдан йиқилишдан оғир нарсанинг ўзи йўқ. Бу каби халқ ўйинларию кураш мусобақалари қуёш уфққа ботгунга қадар давом этади.

 

 

Янги йилнинг бошланиши

 

Бугунги кунда юртимизнинг барча воҳа-ю водийларида Наврўз сайиллари кенг нишонланади. Шунингдек, турли ҳудуд аҳолисининг жуда кўпчилиги ушбу сайилни дарвешона деб атайди. Бу сўз шеваларда турлича талаффуз қилинади. Масалан, Фарғонада даришана шаклида қўлланади. Айтилиши деярли ўхшаш бўлган мазкур сайилни республикамизнинг барча жойларида катта хурсандчилик билан кутиб олишади ва ундан сўнг янги йил қарши олинади. Бу йилги Наврўз айёми ҳам тобора яқинлашиб қолмоқда. Қишлоқлару овулларда эса аллақачон, дарвешоналар бошланиб кетган.

 

Жамшидбек Амиров тайёрлади.

 

* Суратлар Самарқанд вилояти Нуробод туманида жойлашган Нурдум қишлоғида олинган.

custom img

“Одамлар ҳафталаб сарсон бўлмоқда”: Сенатор банкоматлар билан боғлиқ муаммога тўхталди

2025 йилда Ўзбекистон бўйлаб банкоматлардан пул ечиш жараёнида 290 минг ҳолатда турли носозликлар қайд этилган.

custom img

Фарғонада бир гуруҳ аёллар норозилик билдириб, автомобиль йўлини тўсиб қўйди

Улар бозордаги жойлари олиб қўйилганидан норози савдогарлар бўлган.

custom img

Ўзбекистонда жарима баллари 12 баллдан ошган ҳайдовчилар сони 107 нафарга етди

Эндиликда улар ҳайдовчилик ҳуқуқидан суд тартибида маҳрум этилади. Қайта имтиҳон эса 50 та саволдан иборат бўлади.

custom img

Радарларни ўрнатиш ваколати фақатгина Ички ишлар вазирлигида бўлиши керак — Алишер Қодиров

Алишер Қодиров радарлардан мақсад пул ундириш эмас, йўлда тартибни сақлаш бўлиши кераклигини айтди.

custom img

Айрим педагогларга самолёт ва поезд чипталари учун чегирма берилиши мумкин

Бундай чегирмалар Ўзбекистон бўйлаб саёҳатлар учун амал қилади.

custom img

Канн кинофестивалидаги тарихий қадам: Ўзбекистон Global Country Placement дастурини эълон қилди

Netflix, Amazon Prime каби кино компаниялар Ўзбекистонда фильм суратга олади.

custom img

Канн кинофестивалидаги тарихий қадам: Ўзбекистон Global Country Placement дастурини эълон қилди

Netflix, Amazon Prime каби кино компаниялар Ўзбекистонда фильм суратга олади.

custom img

Ўзбекистонлик тадбиркорнинг Озарбайжонда 80 минг долларни ундириш масаласи ТИВ томонидан кўриб чиқилмоқда

Тадбиркор суд қарорига қарамай, ҳамкор компаниядан маблағни икки йилдан бери ундира олмаётгани билдирган.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"