Хитойда тухум катталигида дўл ёғди
Ҳолат иссиқ ва совуқ ҳаво тўқнашуви натижасида юзага келган.

Хитойнинг пойтахти Пекинда кучли дўл ёғиб, аҳолига ва инфратузилмага сезиларли зарар етказди. Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, баъзи дўл доналари товуқ тухумидек катта бўлган. Ҳодиса кечки пайт шаҳарнинг бир нечта ҳудудларида кузатилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай кучли дўл ёғиши кундузги иссиқ ҳаво ва кечки совуқ ҳаво тўқнашуви натижасида юзага келган. Кундузи ҳарорат 30 даражадан ошган, кечаси эса совуқ ҳаво оқими келиши натижасида атмосфера беқарорлиги кучайган.
Ҳозирча расмийлар томонидан жабрланганлар ҳақида расмий ахборот берилмаган. Бироқ маҳаллий ОАВ дўл кўплаб машиналарга, томларга ва қишлоқ хўжалиги экинларига зарар етказганини хабар қилмоқда. Мутасаддилар фуқаролардан эҳтиёт бўлишни сўрамоқда.







