Зарифа Алиева – нур улашувчи шифокор, фидойи олима ва ғамхўр она
Машҳур офтальмолог олима, академик Зарифа Алиева таваллудига 103 йил тўлди. Унинг бой илмий мероси бугун ҳам юксак қадрланмоқда.

Таниқли олима, тиббиёт фанлари доктори, академик Зарифа Алиева таваллудига 103 йил тўлди. Ўтган йилнинг ноябрь ойида Президент Илҳом Алиев томонидан имзоланган фармойиш нафақат атоқли офтальмолог олиманинг давлат даражасида юксак баҳоланишини англатади, балки академик Зарифа Алиеванинг илмий мероси бугунги кунда ҳам долзарблигини яна бир бор тасдиқлайди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Озарбайжон Миллий Фанлар академияси томонидан юбилей тадбирлари доирасида ўтказилаётган конференциялар илмий жамоатчилик орасида катта қизиқиш уйғотиб, тадқиқотчилар учун янги йўналишларни белгилаб бермоқда. Чунки атоқли офтальмолог олиманинг мероси, тиббиётнинг турли соҳаларидаги тадқиқотлари ва яратган фундаментал илмий ишлари Озарбайжон фанининг ёрқин саҳифаларини ташкил этади.
Ушбу муҳим юбилей кунида Зарифа Алиеванинг ҳаёти ва фаолиятидаги асосий босқичларни эсга олайлик.
Зарифа Азиз қизи Алиева 1923 йил 28 апрелда Нахчивон Мухтор Республикасининг Шарур туманидаги Шахтахти қишлоғида туғилган. Унинг отаси Азиз Алиев турли масъул лавозимларда — ректор ва вазирдан тортиб Марказий Қўмита котиби ҳамда Озарбайжон ССР Вазирлар Совети Раисининг биринчи ўринбосаригача — фаолият юритган, юқори интеллекти ва ташкилотчилик қобилияти билан катта обрў қозонган эди. Унинг ҳаёт йўли фарзандлари учун ҳақиқий мактаб бўлиб хизмат қилди. Шундай оилада улғайган Зарифа хоним тенгдошларидан меҳнатсеварлиги, масъулиятлилиги, меҳрибонлиги ва олижаноблиги билан ажралиб турарди. Бу оилага хос зиёлилик, ватанга садоқат каби фазилатлар Зарифа хонимга ҳам ўтган.
1942 йилда у Озарбайжон Давлат тиббиёт институтининг даволаш-профилактика факультетига ўқишга қабул қилиниб, уни аъло баҳолар билан тамомлади. Касбини янада чуқур эгаллаш мақсадида Москва шаҳрида таҳсилни давом эттириб, Бутуниттифоқ марказий врачлар малакасини ошириш институтида малака ошириш курсларини ўтди.
Зарифа Алиева шифокорлик касбини жуда юксак қадрлаган. У шифокорни қуёшга қиёслаб шундай деган: «Шифокор одамлар учун қуёшдек зарур».
1940–1950 йилларда Озарбайжонда кўз касалликлари, жумладан трахома кенг тарқалган эди. Одамларни бу касалликдан қутқариш, шунингдек, кўзнинг касбий касалликлари муаммоси бўйича фундаментал тадқиқотлар олиб бориш, уларни самарали даволаш усулларини ва профилактика чораларини ишлаб чиқиш зарур эди. Айнан шу даврда Зарифа Алиева Москвадан қайтиб келади ва 1949 йилда Озарбайжон илмий-тадқиқот кўз касалликлари институтида илмий ходим сифатида иш бошлайди. Ҳаётнинг ўзи ёш тадқиқотчининг илмий изланишлари мавзусини белгилаб беради ва у ўз илмий фаолиятининг дастлабки босқичини трахомани даволашга бағишлайди. У касаллик кенг тарқалган ҳудудларга боради, офтальмолог шифокорларга маърузалар ўқийди ва аҳоли ўртасида маърифий суҳбатлар олиб боради.
Кўп ўтмай, Зарифа хоним трахоманинг дастлабки босқичларида синтомицинни қўллашда муваффақиятли натижаларга эришди. 1959 йилда ўз тадқиқотлари якуни сифатида «Трахомани бошқа даволаш усуллари билан биргаликда синтомицин ёрдамида даволаш» мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. У таклиф этган даволаш усули тез орада кенг кўламда амалий синовларда қўлланилди ва натижада республикада трахома деярли бутунлай йўқолди.
1967 йилдан бошлаб Зарифа Алиева Озарбайжон давлат врачлар малакасини ошириш институтининг офтальмология кафедрасида фаолиятини давом эттириб, доцент, профессор ва кафедра мудири лавозимларида ишлайди. У офтальмологиянинг долзарб муаммоларига бағишланган кўп йўналишли илмий тадқиқотлар олиб боради. Ушбу муаммолар орасида глаукомани ва кўз аъзоси яллиғланиш касалликларини ташхислаш ҳамда даволаш алоҳида ўрин тутади.
Унинг эътиборини илмда кам ўрганилган соҳа — кўзнинг касбий патологияси жалб этади. Зарифа хоним бу йўналишнинг илк тадқиқотчиси бўлган. У дунёда биринчи бўлиб кўз аъзоси касбий патологиясини ўрганишга бағишланган илмий-тадқиқот лабораториясини ташкил этади ва жаҳон фанида янги йўналиш — касбий офтальмологияга асос солади.
Боку маиший кондиционерлар заводида ташкил этилган ушбу лабораторияда илмий-тадқиқот ишлари билан бир қаторда йирик саноат корхоналари ходимларини даволаш ишлари ҳам олиб борилган. Зарифа хоним Алиева ўз тадқиқотларининг дастлабки натижаларини умумлаштириб, Москвада «Озарбайжон кимё саноати ишчиларида кўз аъзоси ҳолати» мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1977 йилда унга тиббиёт фанлари доктори илмий даражаси берилди.
Кўп йиллар давомида ушбу таниқли олима республиканинг йирик саноат корхоналарида кенг кўламли илмий-тадқиқот ишларини олиб борди. Ушбу тадқиқотлар натижалари «Шина ишлаб чиқаришда кўзнинг касбий патологияси», «Сурункали йод интоксикацияси шароитида офтальмология» ҳамда «Йод саноатида кўз касалликларининг олдини олиш» каби қимматли монографияларда ўз ифодасини топди. 1981 йилда касбий патология соҳасидаги муваффақиятли илмий тадқиқотлар ва офтальмология ривожига қўшган ҳиссаси учун академик Зарифа Алиева собиқ СССР офтальмология соҳасидаги энг нуфузли мукофот — СССР Тиббиёт фанлари академиясининг М.И. Авербах номидаги мукофоти билан тақдирланди. У ушбу мукофотни олган биринчи аёл олима бўлди.
Машҳур офтальмолог Михаил Краснов Зарифа хонимнинг тадқиқотларини юқори баҳолаб, агар Зарифа Азиз қизи ҳаёт бўлганида, у офтальмология соҳасида янги, мукаммал мактабга раҳбарлик қила олиши мумкин эди, деб таъкидлаган.
«Вирусли ўткир конъюнктивитлар», «Кератитлар, кўзнинг томирли қавати, тўр пардаси, кўрув нерви касалликлари, катаракта», «Глаукома ва кўз гипертензияси», «Кўриш аъзоларининг шикастланишлари», «Кўз ёши ажралишининг физиологияси ва гистологияси», «Қандли диабетда кўз касалликлари», «Кўз микрохирургияси», «Қорачиқ четининг адаптив-ҳимоя функцияси» — бу Зарифа Алиеванинг муаллифлигидаги ўқув қўлланмалар ва монографияларнинг тўлиқ бўлмаган рўйхатидир.
«Кўз ёши ажралишининг физиологияси», «Кўз ёши йўлларини жарроҳлик йўли билан даволаш», «Кўз ёши йўлларини даволашда юмшоқ операция» ва бошқа ишлари бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган. У шунингдек иридодиагностика ва иридотерапия муаммоларини тадқиқ қилган, иридодиагностика бўйича дунёдаги биринчи китобларни ёзган.
Машҳур офтальмологнинг «Шифокорнинг ахлоқий тарбияси, деонтология, тиббий этика ва ахлоқ масалалари» номли асари шифокор ва бемор ўртасидаги муносабатларнинг нозик жиҳатларига, даволовчи шифокорнинг диагностика ва даволаш жараёнидаги етакчи ролига, шунингдек тиббиёт ходимларининг таълими ва хулқ-атворига бағишланган.
Жаҳон офтальмология фани таниқли арбобларининг Зарифа хоним Алиева ҳақидаги айрим фикрларини келтириш ўринлидир.
Академик Аркадий Нестеров: «Зарифа хонимни таниганлар уни севмай иложи йўқ эди. Аёлларга хос нафислик, мулойим характер, олижаноблик, ўз оиласига, дўстларига бўлган катта меҳр ва бахт туйғуси унинг шахсида илмий тиббиётга бўлган фидойилик, мақсадга эришишдаги қатъият ва меҳнатсеварлик билан уйғунлашиб кетган эди».
Москва Кўз касалликлари илмий-тадқиқот институти директори (1966–1986) Ксения Трутнева: «Бундай тадқиқотлар ҳажми ва аҳамияти билан ажралиб туради, катта меҳнат талаб қилади, бироқ ижтимоий-иқтисодий нуқтаи назардан улар ўрнини босиб бўлмайди. Ушбу ноёб тадқиқотлар натижасида соғлиқ учун зарарли ишлаб чиқариш соҳаларида ишловчиларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш бўйича услубий тавсиялар ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилди. Зарифа хоним тадқиқотларининг асосий моҳияти айнан шундан иборат».
Профессор Валентина Шмелева: «Зарифа хоним офтальмолог шифокорлик мутахассислигининг чуқур билимдони эди, у илмий тадқиқотларга кўп вақт ажратар, офтальмологияда янги, жуда мураккаб ва кам ўрганилган соҳани тадқиқ қилган, ушбу турдаги касалликларнинг олдини олиш ва даволашга катта ҳисса қўшган».
Профессор, илм-фан соҳасида хизмат кўрсатган арбоб Нина Шульпина: «Зарифа хонимнинг олим, педагог ва шифокор сифатидаги истеъдоди ўзининг кўп қиррали ва чуқурлиги билан одамларни ҳайратга соларди. У ўткир ақл, ўзига хос фикрлар ва матбуотдаги ёрқин чиқишлари билан ажралиб турарди. У инсоний янгилиги, самимийлиги, бошқаларга нисбатан ҳамдардлиги ва энг оғир дамларда кўрсатган қўллаб-қувватлаши билан умумий ҳурматга сазовор бўлган. Зарифа хоним билан мулоқот қилиш бахтига муяссар бўлган ҳар бир инсон унинг инсоний фазилатларини ўзида ҳис этган».
Тиббиёт фанлари доктори, профессор Пюста Меликасланова: «Зарифа хоним менинг хотирамда юксак дунёқарашга эга мутахассис, чуқур тадқиқотчи, қизиқарли инсон ва ақлли суҳбатдош сифатида қолган. У ўзининг нозик ҳазилкашлиги ва ўта юксак интеллектуал маданияти билан ёдда қолган. Унинг виждони пок ва беғубор эди. У ёшликдан кийган оқ халатини ҳам ҳаёти охиригача ҳеч қандай доғсиз, беғубор сақлаб қолди. Халқ ва беморлар олдидаги бурчини муқаддас деб билган ҳолда, у кўп йиллар давомида тиббиёт фанига хизмат қилди ва шу тариқа ёш авлод офтальмологлари учун идеалга айланди».
Академик Зарифа Алиева бой илмий мерос қолдирди: 150 дан ортиқ илмий иш, 10 та монография, 12 та рационализаторлик таклифи ҳамда ўқув қўлланмалар. Унинг яна бир муҳим хизмати — юқори малакали тиббиёт кадрларини тайёрлашдир. Зарифа хоним раҳбарлиги ва ҳомийлиги остида ёш олимлар ва офтальмологларнинг катта авлоди етишиб чиқди.
Зарифа хоним бугунги кунда ҳам инсонларга нур бахш этган офтальмолог шифокор, фanga фидойилик билан хизмат қилган инсон, олим-ватанпарвар, олижаноб шахс ҳамда, албатта, Озарбайжон аёлининг тимсоли, садоқатли умр йўлдоши ва фидойи она сифатида хотирада яшайди. У умрини доимий курашда ўтказган Ҳайдар Алиевнинг рафиқаси эди. Улар ҳаёт йўлини доимо бирга босиб ўтиб, қийинчиликларни ҳам биргаликда енгиб келишган.
Буюк лидер шундай деган эди: «У шунчаки рафиқам эмас эди, у менинг дўстим ва суянчим эди. Ишимнинг энг оғир даврларида мен оилам учун доим хотиржам бўлардим, чунки Зарифа Алиева каби содиқ, ғамхўр, фидойи она бор эди».
Бу ўринда Президент Илҳом Алиевнинг сўзларини эслаш ўринлидир: «Бизнинг оиламиздаги муҳит, ота-онамиз ўртасидаги муносабатлар, албатта, бизнинг тарбиямизга ҳам таъсир қилган. Яъни биз оилада ота-онамиз муносабатларини кўриб тарбия олганмиз. 1970 йилларда — Ҳайдар Алиев Озарбайжонда биринчи котиб лавозимида ишлаган даврда — унинг рафиқаси, албатта, турли имтиёз ва имкониятларга эга бўлиши мумкин эди. Аммо Зарифа хоним жуда содда инсон эди, ҳеч қачон ўзини Ҳайдар Алиев — биринчи котибнинг рафиқаси сифатида кўрсатмаган. Унинг ёнида доимо оддий одамлар бўлган. У ҳар доим оддий инсонлар даврасида бўлган. Жуда камтар эди».
Шафқатсиз ўлим академик Зарифа Алиеванинг оиласи ва у ҳаётдан ҳам ортиқ севган инсонларини ундан айирди. 62 йил умр кўрган Зарифа хоним олим ва инсон сифатида камолот чўққисига кўтарилди. Бу буюк инсоннинг шонли ва ёрқин ҳаёт йўли ҳар бир Озарбайжон фуқароси, ҳар бир олим ва ҳар бир шифокор учун ҳаёт ва маънавият мактаби ҳисобланади.








