Тошкентда машинасида наркотик ташиётган шахс ушланди
Унинг автомобилидан 5 кг гиёҳвандлик воситаси топилган.

Тошкент шаҳрида Spark автомобилида 5 килограмм гиёҳвандлик моддасини олиб кетаётган ҳайдовчи қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Ҳодиса пойтахтнинг Юнусобод туманида содир бўлган. Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари Spark русумли автомобилни тўхтатиб, унинг олд қисмини кўздан кечирган. Машинадан полиэтилен пакетларга ўралган 5 килограмм гиёҳвандлик воситалари топилган.
Суриштирув давомида гумонланувчининг шериги борлиги аниқланган ва унинг уйи ҳам текширилган. Хонадондан олти ўрамда бир неча турдаги наркотик моддалар топилган.
Қайл этилишича, ўтказилган тезкор тадбирда жами 5 килограмм 370 грамм гиёҳвандлик моддалари тарқалишининг олди олинган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган, гумонланувчилар қамоққа олинган.







