Президент Шавкат Мирзиёев Ҳиндистонга таъзия йўллади
Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штатида бўрон оқибатида камида 111 киши ҳалок бўлиб, 72 киши жароҳат олган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Уттар-Прадеш штатида кучли ёғингарчилик ва бўрон оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани ва жиддий жароҳат олгани муносабати билан Ҳиндистон Республикаси Президенти Драупади Мурму ва Бош вазири Нарендра Модига таъзия мактуби йўллади. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар берди.
Давлат раҳбари қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этди, жароҳат олганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади.
The Indian Express хабар қилишича, Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штатида кучли шамол ва жала билан кузатилган бўрон оқибатида камида 111 киши ҳалок бўлган, 72 киши жароҳат олган.
Маълумотларга кўра, табиий офат штатнинг 26 та туманига зарар етказган. Бўрон оқибатида 170 бош чорва нобуд бўлган, 227 та уй зарар кўрган.
Энг кўп қурбон Праяграж туманида қайд этилган бўлиб, у ерда 21 киши ҳалок бўлган. Мирзапурда 19, Бҳадоҳида 16, Фатеҳпурда 11 киши вафот этган.
Расмийларнинг билдиришича, ўлим ва жароҳатларнинг аксарияти дарахтларнинг қулаши, девор ва томларнинг босиб қолиши, шунингдек кучли шамол учириб кетган буюмлар сабаб юз берган.
Уттар-Прадеш бош вазири Йоги Адитянатҳ барча туман маъмуриятларига зарарларни зудлик билан баҳолаш ва жабрланган оилаларга 24 соат ичида компенсация етказишни топширган. Ҳалок бўлганларнинг яқинларига 400 минг рупий миқдорида молиявий ёрдам берилиши белгиланган.
Шунингдек, ҳосил йўқотишлари, чорва нобуд бўлиши ва бошқа зарарлар учун ҳам компенсация тўлаш жараёнини тезлаштириш бўйича кўрсатма берилган.
Фавқулодда вазиятлар бўйича комиссар идораси вазиятни тун-у кун назорат қилмоқда. Ҳудудий маъмуриятлар ҳар уч соатда вазият бўйича ҳисобот топшириши керак. Расмийлар қурбонлар сони яна ошиши мумкинлигини билдирмоқда.
Бҳадоҳи туманидаги Рампур ҳудудида бўрон Ганга дарёси устидаги понтон кўприкка зарар етказган. Оқибатда бир неча киши дарёга тушиб кетган, бироқ уларнинг барчаси қутқарилган.
Мирзапурдаги Гаура Праманпур ҳудудида ҳам понтон кўприк шикастланган ва 20 та қишлоқ билан алоқа узилган.
Фатеҳпур туманида 11 киши ҳалок бўлган, 16 киши жароҳатланган. Пратапгарҳ ҳудудида эса девор ва цемент томларнинг қулаши ҳамда чақмоқ уриши оқибатида тўрт киши вафот этган.
Канпур Деҳат туманида 19 ёшли қиз кучли ёмғир вақтида дарахт остида турганида чақмоқ уриши оқибатида ҳалок бўлган.
Ҳиндистон метеорология хизмати мутахассиси Атул Кумар Сингҳнинг айтишича, бундай бўронлар мавсумий ҳолат ҳисобланади, бироқ бу сафарги шамол кучи ноодатий даражада юқори бўлган.
Метеорологлар айрим ҳудудларда шамол тезлиги соатига 100 километрдан ошганини, кўплаб жойларда эса 60–70 километр тезликдаги кучли шамол кузатилганини маълум қилди.








