АҚШнинг Эронга қуруқликдан бостириб кириш эҳтимоли юқори — Покистон разведкаси
Ҳарбий экспертлар эса бундай сценарий АҚШ учун катта йўқотишларга олиб келиши мумкинлигини билдирди.

BILD нашрининг хабар беришича, Покистон махсус хизматлари АҚШнинг Эронга чекланган қуруқлик операциясини бошлаши эҳтимолини тобора юқори баҳоламоқда.
Исломободдаги хавфсизлик доираларидаги манбаларга кўра, Доналд Трамп ўз ҳарбий қўмондонлигининг огоҳлантиришларига қарамай, Эроннинг соҳилбўйи ҳудудларига қўшин киритиш ҳақида буйруқ бериши мумкин.
Ҳарбий экспертлар бундай операция АҚШ учун ниҳоятда мураккаб кечишини таъкидламоқда. Уларнинг фикрича, десант кучлари ракета ва дронларнинг оммавий ҳужумларига дуч келади, Эроннинг тоғли ҳудудлари ва жазирама чўллари эса қўшинларнинг ҳаракатланишини кескин қийинлаштиради.
АҚШ Ҳарбий-денгиз институти таҳлилида Эрон “табиий қалъа” деб баҳоланади. Таҳлилда қайд этилишича, мамлакатнинг мураккаб географик шароити ҳар қандай қуруқлик операциясини деярли амалга ошириб бўлмайдиган даражада қийинлаштиради. Институт мутахассислари ҳарбий техниканинг тез ишдан чиқиши ҳам операция муваффақиятига жиддий путур етказишини таъкидлаган.
Нашр маълумотига кўра, Эрон ихтиёрида қарийб 610 минг нафар амалдаги ҳарбий хизматчи ва ҳарбийлаштирилган тузилмалар жангчилари, шунингдек, 350 минг нафар захирадаги ҳарбий мавжуд. Шу боис эҳтимолий қуруқлик операцияси АҚШ учун натижаси олдиндан номаълум бўлган оғир ҳарбий синовга айланиши мумкин.
Мақолада қайд этилишича, бундай қарор Доналд Трамп учун ички сиёсий босимни ҳам кучайтиради. Reuters агентлиги буюртмаси билан Ипсос ўтказган сўров натижаларига кўра, америкаликларнинг атиги учдан бир қисми Эронга қарши ҳарбий операцияни қўллаб-қувватлайди. Респондентларнинг 69 фоизи эса Трамп ҳарбий аралашув мақсадларини етарлича изоҳламаган, деб ҳисоблайди.








