Исроилликлар Ал-Ақсо масжидига бостириб кирди: бир кунда уларнинг сони 1317 нафарга етди
Исроилликлар диний маросимлар ўтказган, ибодат қилган, қўшиқ куйлаган ва рақсга тушган.

1,3 мингдан ортиқ исроиллик босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига Исроил полицияси ҳимояси остида бостириб кирди. Бу ҳақда Қуддусдаги Ислом вақфлари бошқармасига таяниб, Anadolu агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, 30 сентябрь куни эрталаб 1 317 нафар исроиллик Исроил полицияси ҳамроҳлигида муқаддас қадамжо ҳудудига бостириб кирган.
Қуддусдаги Ислом вақфлари бошқармасининг исмини ошкор этишни истамаган вакили эрталабдан юзлаб исроилликлар Исроил полицияси қўриқлови остида Ал-Ақсога бостириб киришни давом эттираётганини билдирган.
Унинг сўзларига кўра, бостириб киришлар давомида Ал-Ақсо масжидининг тарихий статус-квоси бузилган. Исроилликлар диний маросимлар ўтказган, ибодат қилган, қўшиқ куйлаган ва рақсга тушган.
Қуддусдаги Ислом вақфлари бошқармаси маълумотларига кўра, 27 сентябрдан буён минглаб исроилликлар Суккот байрамини нишонлаш баҳонасида Ал-Ақсо масжидига бостириб кирмоқда.
Яҳудийларнинг байрамлар даври 12–13 сентябрь кунлари Янги йил байрами билан бошланган. Шундан сўнг 21 сентябрда Ём Киппур, 26 сентябрдан 2 октябргача Суккот ва 3 октябрда Симхат Тора (Тавротни йиллик ўқиш циклининг якунланиш байрами) нишонланади.








