Учувчи пичоқланган Flydubai рейси: Исроил хавфсизлик текширувларини кучайтиради
Бенямин Нетаняҳу ҳодисани тўхтатишда ёрдам берган йўловчилар ва жароҳатланган учувчи Смит Маччҳарни олқишлаган, бироқ воқеанинг сабаби ҳозирча аниқланмаган.

30 сентябрь куни Дубайдан Тель-Авив учаётган Flydubai'нинг FZ1073 рейси бортида кокпитда жиддий хавфсизлик ҳодисаси юз берди. Исроил расмийлари маълумотига кўра, парвоз вақтида иккинчи учувчи капитан Смит Маччҳарни пичоқлаган ва самолётни қулатишга уринган. Ҳодиса оқибатида самолёт Саудия Арабистонининг Табук шаҳрига йўналтирилиб, у ерга хавфсиз қўндирилган.
Рейс бортида 174 киши бўлган. Исроил расмийларига кўра, йўловчилар ва экипаж аъзолари кокпитга кириб, ҳужум қилган учувчини зарарсизлантиришга ёрдам берган. Шундан сўнг бортда бўлган бошқа Flydubai учувчилари самолёт бошқарувини ўз қўлига олиб, уни Табукка қўндирган.
Исроил бош вазири Бенжамин Нетаняҳу ҳодисани «жиддий хавфсизлик ҳодисаси» деб атади. Унинг сўзларига кўра, пичоқланган учувчи, оғир жароҳатланганига қарамай, кокпит эшигини очишга муваффақ бўлган. Йўловчилар ва экипаж аъзолари эса ҳужум қилган учувчини зарарсизлантириб, катта фожианинг олдини олган.
Нетаняҳу жароҳатланган капитан Смит Маччҳарнинг ҳаракатларини алоҳида таъкидлаб, унинг жасорати туфайли самолётдаги 174 кишининг ҳаёти сақлаб қолинганини айтди. Шунингдек, у ҳодисага алоқадор учувчи Саудия Арабистонида қўлга олингани ва сўроқ қилинаётганини маълум қилди.
Кейинчалик Нетаняҳу CBS телеканалига берган интервьюсида ҳодисанинг мотиви ҳозирча номаълум эканини билдирди. У дастлабки маълумотларга асосланиб, бу ҳолатни самолётни олиб қочишдан кўра ўз жонига қасд қилишга уриниш бўлиши мумкинлигини тахмин қилган, бироқ бу унинг дастлабки баҳоси эканини қайд этган.
Шу билан бирга, Flydubai ҳодисанинг асл сабаблари ҳали аниқланмаганини билдирган ва «эрта хулосалар» чиқаришдан огоҳлантирган. БАА Фуқаро авиацияси бош бошқармаси ҳам воқеани «хавфсизлик ҳодисаси» деб атаб, тергов олиб борилаётганини маълум қилган.
Ҳодиса ортидан Исроил ҳукумати мамлакатга учадиган самолётлар учувчиларига нисбатан хавфсизлик текширувларини кучайтиришини маълум қилди. Нетаняҳу идораси вакили барча учувчиларнинг шахси ва хавфсизлик маълумотлари қўшимча текширилишини билдирган.
Ҳодисанинг сабаби ва бошқа тафсилотлари бўйича тергов давом этмоқда. Flydubai эса Исроилга ва Исроилдан парвозларни вақтинча тўхтатган.








