Яқин Шарқда янги альянс тузилди
Яқин Шарқ минтақасида янги ҳарбий блок ташкил қилинди. Бу қанчалик муҳим эди? Ўзи шундоқ ҳам Саудия Арабистони ва Покистон ўртасида ҳарбий келишув бор эди. Бу келишувдан кимлардан манфаатдор. «Макка» ҳарбий келишуви Эронга қарши қаратилганми?

Жорий йилнинг 8 август куни Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон ўртасида имзоланган «Макка» номли ҳарбий келишувга Мисрнинг ҳам қўшилиши кўриб чиқилмоқда. Шундан сўнг халқаро медиада Яқин Шарқда янги ҳарбий коалиция тузилди. Шундан сўнг, мазкур коалиция Эронга қарши тузилган дея тахминлар ҳам янграй бошлади.
Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан Анадолу ахборот агентлигига берган интервьюсида 3 давлат ўртасида имзоланган ушбу ҳарбий мудофаа пакти НАТОнинг ўзаро мудофаани назарда тутувчи 5-моддаси билан техник бир хил эканлигини ва бу келишув Эронга қарши қаратилмаганини айтди.
Фиданнинг айтишича, Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған иттифоқ кенгайишини истамоқда. Унинг сўзларига кўра, Миср бошқа давлатлар қатори ушбу иттифоққа қўшилиши мумкин бўлган эҳтимолий номзодлардан бири.
Сунний мусулмон бўлган ва АҚШ билан иттифоқчилик муносабатларига эга ушбу давлатлар минтақадаги кескинлик кучайиб, Эрон томонидан Форс кўрфазидаги нефть экспорт қилувчи давлатларга ракета ҳужумлари уюштирилаётганидан хавотирда.
Қўшма баёнотда айтилишича, келишув ҳар қандай тажовузкорлик ҳаракатига қарши “жамоавий тийиб туриш салоҳиятини кучайтириш”га қаратилган. Шунингдек, уч давлатдан бирига уюштирилган қуролли ҳужум “барча уч давлатга қилинган ҳужум сифатида кўрилиши” белгиланган.
Унинг қўшимча қилишича, ҳужум содир бўлган тақдирда иттифоқчилар маслаҳатлашувлар орқали “ёрдамнинг даражаси, шакли ва форматини” белгилайди. Шу билан бирга, аъзо давлатлардан бирига ҳужум қилинмаса, ҳеч бир давлат таҳдид сифатида кўрилмайди.
НАТОнинг иккинчи йирик армиясига эга бўлган Туркия мазкур пакт бошқа минтақа давлатлари учун ҳам очиқлигини ва у мавжуд иттифоқларнинг ўрнини эгаллашни мақсад қилмаганини билдирди.
“НАТО 32 давлатни бирлаштирган улкан ҳарбий иттифоқ. Биз эса бу ерда уч давлат сифатида бошладик ва жуда эҳтиёткор, бироқ аниқ қадамлар ташлашимиз керак”, — деган Фидан.
Унинг айтишича, битимни якунлаш бўйича музокаралар “икки йилу саккиз ой” давом этган.
Фидан иттифоқ доирасида НАТОдаги тузилмаларга ўхшаш “вазирлар қўмитаси" ташкил этилишини маълум қилди. Шунингдек, Саудия Арабистонида “бош котибият” ташкил этилади. Бироқ унинг операцион фаолиятига оид тафсилотлар биринчи қўмита йиғилишида белгиланади.
“Президентимизнинг қараши шуки, биз учта давлат билан чекланиб қолмаслигимиз, балки кенгайиб, минтақадаги барча давлатларни ушбу том остида бирлаштиришимиз керак”, — деган Фидан.
Сўнгги ойларда Туркия, Саудия Арабистони, Покистон ва Миср минтақавий масалаларни, хусусан, “Эрон билан боғлиқ урушни” муҳокама қилиш учун гуруҳ тузган. Туркия ушбу гуруҳ — «R4» деб аталадиган тузилма — аниқ механизмлар орқали ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилганини билдирган.
Сиёсатшунос Мухтор Назировнинг фикрича, Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон ўртасидаги мудофаа шартномаси 2025 йилда имзоланган Покистон ва Саудия Арабистон ўртасидаги келишувнинг кенгайтирмаси ҳисобланади.
“Худди шу Саудия билан Покистон ўртасидаги мудофаа саноати, разведка маълумотлари ва биргаликда ўқув машғулотларини ўтказиш, технологиялар трансфери борасидаги шартномани, битимни энди ким билан ҳам имзоланаётганлигини кўряпмиз — яъни, Туркия билан ҳам.
Томонларни нима манфаат, нима бирлаштиради? Сиёсатшуноснинг айтишича, биринчи ўринда томонлар учун дипломатик форма. Аммо мазкур ташкилот асосида халқаро ташкилот тузиладими? Бу ташкилот барча мусулмон мамлакатларни бирлаштира оладими? Ва бошқа бир қанча саволлар ҳам бор. Чунки имзоланган шартномаларнинг ҳужжатлари оммага эълон қилинмаган.
“Ҳар учала мамлакатнинг ҳам хавфсизлик борасидаги хавотирлари ўзининг минтақасига кўпроқ тақалади. Саудия Арабистони бу ерда асосий бирлаштирувчи омил бўляпти. Яъни Саудия Арабистонини хавотирга солаётган масала — бу Яқин Шарқ минтақасидаги беқарор вазият ва Саудия Арабистонининг хавфсизлигини барқарор таъминлаш институтлари етарли эмаслиги. Бу ерда нега Америка Қўшма Штатлари билан уларнинг яқин муносабатлари, Америка Қўшма Штатлари ҳарбий базаси, Америка Қўшма Штатлари билан кўп миллиардли шартномалар Саудия Арабистонининг хавфсизлигини таъминлаб бера олмаяпти? Жанубдаги ҳусийларнинг доимий, муттасил хавфи бор. Кўрфаз минтақасидаи уруш даврида нефть экспорт қилиш имкониятлари чекланган. Масалан, етмиш фоизини Қизил денгиздаги порт орқали, ўттиз фоизини Кўрфаз орқали экспорт қиладиган бўлса, иккала минтақа ҳам ҳозир бемалол эмас, беқарор.
Ва учинчидан эса, Саудия Арабистони бу минтақада доимий барқарор бўлган бир институционал асосларни қидиряпти деб ўйлайман. Яъни, буни ишора қилувчи жиҳатлар нимадан иборат десангиз, бежизга Америка Қўшма Штатлари, айниқса Доналд Трамп маъмурияти даврида, яна Иброҳим шартномаларини ёйиш ҳақида гапирмади. Ва асосий объект, кейинги имзолайдиган мамлакат сифатида Саудия Арабистонини белгилагани, музокара олиб борилганлиги ҳақида кўп очиқ манбаларда маълумотлар чиқди. Яъни Иброҳим шартномалари — бу биргина Исроилни тан олиш эмас, дипломатик муносабат ўрнатиш эмас. Исроил-Америка коалицияси томонидан Яқин Шарқ минтақаси барқарорлигини таъминлаш, яъни барқарорлик ва хавфсизлик кафолати сифатида айнан шу мамлакатларнинг мавқейини белгилаш ҳам дегани.
Покистон минтақадаги кучлар балансини таъминлашга доимий равишда интилган. Яъни унинг асосий хавфсизлик бўйича хавотирлари Ҳиндистон билан боғлиқ, Афғонистон билан боғлиқ. Яъни, доим суверенитетини таъминлаш, мамлакат барқарорлигини таъминлаш, эҳтимолий конфликтларда иттифоқлар, альянслар яратишга доим интилиб келган. Энди шунинг учун ҳам Покистоннинг бу ердаги иштирокини, кўпроқ нима деса бўлади, номинал деб ҳисоблайман. Яъни унинг ядро қуролига эга эканлиги у минтақа мамлакатларига ядро қуроли беради ёки биргаликда тадқиқот қилади деган фаразга олиб келмаслик керак”, — деган сиёсатшунос.
Эсингизда бўлса июль ойи охирида АҚШ президенти Доналд Трамп ва Саудия Арабистони шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ўртасидаги махфий келишуви “The Washington Post”, The Wall Street ва бошқа халқаро йирик медиаларда ошкор қилинди. Унда АҚШ Саудия Арабистонига фуқаролик ядро дастурини яширин бериши айтилган. Бунинг ўрнига эса Қўшма Штатлар Саудияга Иброҳим келишувга қўшилиши шартини қўйган. Шунда Саудия Арабистони дастурни Покистондан олмоқчими?
Сиёсатшунос Назиров худди шундай ҳолатни АҚШ ва Арманистон ўртасида ҳам кузатилганини айтди. Арманистонга ҳам Америка Қўшма Штатлари кичик ҳажмдаги атом электростанцияларини, тинчлик мақсадидаги ядро реакторларини қуриш таклифини берган. Мухтор Назиров фикрича, АҚШ ва Саудия Арабистони ўртасидаги “махфий келишувда” ҳарбий мақсадлар йўқ.
“Америка Қўшма Штатларининг Саудия Арабистонига бу борадаги ҳамкорликни таклиф этганлигининг ортида, назаримда, ҳарбий мақсадлар йўқ. Яъни ҳарбий мақсадлар, биласиз, бу минтақанинг жуда ҳам бир нозик хавфсизлик муҳитини янада мураккаблаштириб юборади. Сабаби, бу минтақада ядро қуролига эга бўлган ва шу сабабли ҳам Американинг бирламчи иттифоқчиси бўлган Исроил бор. Ва унинг мавқеи биринчи даражада кўриб чиқилади. Саудия Арабистонининг ядро қуролига эга бўлиши бу мувозанатнинг бузилишига олиб келади. Ва балки ўша Иброҳим шартномаларига қўшилиши учун Америка тарафи томонидан берилган, «хўрак» десак.
Жон Миршаймер ҳужумкор реализм назарияси асосчиси айтяптики, Америка Қўшма Штатлари бу Эрон билан урушда аллақачон мағлуб бўлиб бўлган. Яъни унинг аргументлари қолмади. Яъни у қанчалик ҳужум қилишга интилмасин, жавоб ҳужумлари унинг Яқин Шарқдаги иттифоқчиларига бўлмоқда ва у Яқин Шарқдаги иттифоқчиларини ҳимоя қила олмаяпти. У ердаги ҳарбий базалари ҳам у ҳужумдан ўзини ҳимоя қила олмаяпти. Демакки, Америка Қўшма Штатларига ё вақт керак, бу урушга жиддий тайёргарлик ёки чекиниш керак. Ва чекиниш учун хоҳласа-хоҳламаса барибир дипломатик ён беришга мажбур бўлади.
Энди тасаввур қилинг, Саудия Арабистони бу вазиятдан бехабар деб ўйлайсизми? Саудия Арабистони ҳам мана шу бир дипломатик платформани шакллантирмоқда, истиқболда мана шу келишув асосида, балки халқаро ташкилот тузилади, балки Эроннинг ўзи ҳам бу ташкилотга қўшилар. Ёки Ислом ҳамкорлик ташкилоти ичида қанақадир ихтисослашган ташкилот мақомига чиқар, буни албатта вақт кўрсатади.
Шунинг учун ҳам бу жараён, яъни иттифоқ аввало Саудия Арабистонига керак деб ўйлайман. Яъни Саудия Арабистони Америка билан эндиги музокаралар, мулоқотларида мана шу ҳарбий битимни кўрсата олади: “Сен хавфсизликни таъминлай олмаяпсан, демак, мен мажбурман буни қилишга. Сен ундоқ қилолмаяпсан, мен буни қилишга мажбурман. Мен ҳамкорликни, хавфсизлик борасидаги ҳамкорликни диверсификация қилишга мажбурман”, дейиши мумкин. Буни Туркия ҳам ишлатиши мумкин, Туркия ҳам манфаатларидан келиб чиқиб, Покистон ҳам ишлатиши мумкин. Яъни, бу кўпроқ шу дипломатик бир платформага кўпроқ ўхшайди, бу шартнома — деган сиёсатшунос.








