Жиззах тиббиётида 180 кунлик тажриба: янги тиббий тизимдан нималар кутиляпти?
Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказини 180 кун ичида юқори технологияли ҳудудий референс марказга айлантиришга қаратилган «Жиззах-180» дастури ишга туширилди.

Жиззахда тиббиёт соҳасида янги босқич бошланди. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказини 180 кун ичида юқори технологияли ҳудудий референс марказга айлантиришга қаратилган «Жиззах-180» дастури ишга туширилди.
Хўш, «Жиззах-180» дастури аҳолига нима беради? Замонавий тиббий хизматлар, юқори технологияли диагностика ва даволаш имкониятлари одамлар ҳаётида қандай ўзгариш ясайди? Шу саволларга жавоб излаймиз.

Марказ директори Жаҳонгир Санақуловнинг таъкидлашича, дастурнинг бош мақсади — Жиззах вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказини ҳудудий юқори технологияли референс марказга айлантириш. Бу, аввало, жиззахликларни Тошкент ва бошқа республика марказларига юбориш заруратини камайтириш, юқори малакали тиббий хизматни яратиш имконини ошириш имконини беради.
Дастур доирасида олтита асосий клиник йўналишга эътибор қаратилади. Булар — бош миядаги ўткир ўзгаришларни эрта аниқлаш ва олдини олиш, буйрак ва жигар трансплантацияси, юрак-қон томир касалликлари, офтальмология ва кўз микрохирургияси, оториноларингология ва юз-жагъ жарроҳлиги, шунингдек, урология, нефрология ва буйрак ўрнини босувчи терапия.
180 кун ичида нима ўзгаради?
Дастур доирасида 100 та чора-тадбир амалга оширилади. Республикадаги ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларининг мутахассислари Жиззахга келиб, маҳаллий шифокорлар билан бирга ишлайди.

Бу оддий ўқув жараёнидан фарқ қилади. Мутахассислар қўшма операцияларда иштирок этади, мураккаб беморлар бўйича консилиумлар ўтказади, телемедицинадан фойдаланади. Энг муҳими, маҳаллий шифокорларнинг ўзлари мураккаб операцияларни мустақил бажара оладиган даражага олиб чиқилади.
180 кунлик йўл харитаси беш босқичдан иборат. Аввалига марказнинг базавий аудити ўтказилади. Кейин мутахассислар малакаси оширилади, клиник протоколлар ва навбатчилик тизими такомиллаштирилади. Шундан сўнг қўшма операциялар, консилиумлар ва телемедицина кенгайтирилади.
Якуний босқичда эса натижалар баҳоланиб, марказнинг 2027–2028 йиллардаги барқарор ривожланиш режаси ишлаб чиқилади.
Бу рақамлар ортида инсон тақдири бор
Марказда юқори технологияли амалиётлар аллақачон бошланган.
Жумладан, 6 нафар беморда жигар трансплантацияси амалга оширилган. 8 нафар беморга аорта-коронар шунтлаш операцияси бажарилган. 30 нафар беморга коронар томирларни стентлаш амалиёти ўтказилган. Коронарографиядан эса 1600 нафар бемор фойдаланган.
Чаноқ-сон ва тизза бўғимларини эндопротезлаш, нейрохирургик операциялар каби мураккаб амалиётлар ҳам Жиззахнинг ўзида бажарилмоқда.
180 кунлик дастур якунида бир қатор аниқ кўрсаткичларга эришиш мақсади кўзланган. 24/7 шошилинч тиббий хизмат такомиллаштирилади. Юқори технологияли хизматлар ҳажми камида 1,5 баробар оширилади. Тиббий жиҳозларнинг техник тайёргарлиги 95 фоизга етказилади. Дори воситаларининг 90 кунлик захираси яратилади. Мураккаб ҳолатларнинг барчаси консилиум асосида кўриб чиқилади. Беморларнинг тиббий хизматдан қониқиш даражасини 90 фоизга, имконият бўлса 100 фоизга етказиш мақсад қилинган.
Аммо дастурнинг энг кутилаётган натижаси — республикага йўлланмаларни 25 фоизга қисқартириш.
«Бир тарафдан дард берган бўлса, бир тарафдан йўлимни очди»

Жигар циррози билан курашиб келган 40 ёшли Шоира Мусеванинг аҳволи сўнгги ойларда оғирлашиб, қорнида сув тўпланиши, оғриқ ва кучли тушкунлик уни қийнаб келган. Ҳатто даволаниш учун Ҳиндистонга бориш вариантини ҳам ўйлаган. Аммо зарур тиббий ёрдам Жиззахнинг ўзида кўрсатилди. Жигар трансплантацияси муваффақиятли ўтказилиб, бемор бугун ўзини яхши ҳис қилмоқда.
— Операциядан олдин жуда қаттиқ тушкунликка тушиб қолгандим. «Эртага нима бўлади? Операциядан қандай чиқаман?» деб ўйлардим. Жуда қийин бўлди. Ҳозир эса Аллоҳга шукр, яхшиман. Ҳаммаси ортда қолди. Қайнотам Ҳиндистонга олиб бораман, дегандилар. Ҳаракат қилдилар. У ерда даволаниш учун 40 минг доллар кетиши айтилган эди. Жиззахда шундай жойлаштиришди, шифокорлар келиб операцияни ўтказиб кетишди. Жуда яхши бўлди. Аллоҳга шукр, ҳозир яхшиман. Бир қадам — ўзимнинг вилоятим. Зўр шароитлар. Докторлар ҳаммаси яхши қарашяпти. Ҳиндистонга борганимда мендан кам хабар олишарди, икки-уч ойлаб қолиб кетардим. Жиззах — ўзимнинг вилоятим, ҳаммаси хабар олиб туришибди. Унақа оғир аҳволда эдимки, Ҳиндистонгача етиб ҳам боролмасдим, деб ўйлайман. Бир тарафдан дардни берган бўлса, бир тарафдан йўлимни очди Аллоҳ. Ҳамма нарсага шукр экан.
«Операциядан кейин соппа-соғ юрибман»
Бу ўзгаришларни беморларнинг ўзи ҳам ҳис қилмоқда.
75 ёшли Овулбой Ғулмуродов Жиззах вилоятида ўтказилган кўчма тиббий текширувда юрагидаги муаммо борлигини билган. Унинг айтишича, аввал юрганда ҳолсизланар, овқатдан кейин ўзини ёмон ҳис қиларди. Аммо оғриқ кучли бўлмагани учун текширувга жиддий эътибор бермаган.
Кўчма тиббий текширув эса унинг юрагида учта томир яхши ишламаётганини аниқлаган.
— Аввал Тошкентга, Сирдарёга, Самарқандга борардик. Энди ўзимизда ҳамма имконият бор экан. Жиззах шаҳрига келсам, ҳамма шароит бор экан. Ҳозир операциядан жуда яхши чиқдим. Бирорта жойим оғриётгани йўқ, — дейди Овулбой ота.
Энди бемор Тошкентни эмас, Жиззахни ўйлайди

Марказни референс муассасага айлантиришдан кўзланган мақсад ҳам — ана шу «Тошкентга бориш керак» деган тушунчани аста-секин ўзгартириш.
Беморга мураккаб операция керакми? Жиззахда имконият бор.
Юқори технологияли диагностика зарурми? Марказда замонавий ускуналар бор.
Мураккаб клиник ҳолат бўйича қарор қабул қилиш керакми? Республика мутахассислари билан консилиум ўтказилади.
Бундан ташқари, Жиззах шифокорларининг малакасини оширишга ҳам катта эътибор берилмоқда. Марказ мутахассислари Россия, Германия, Эрон, Туркия ва Кореяда малака ошириб қайтган.
Туркиянинг Acıbadem Healthcare Group клиникаси билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Германия ва Хитойнинг нуфузли клиникалари билан меморандумлар имзоланган. Қозон давлат университети базасининг Жиззахда ташкил этилгани эса тиббиёт ходимларининг билим ва кўникмаларини мунтазам оширишга хизмат қилади.
Одамлар рози бўлса, ислоҳот натижаси бор
Ўтган йили Президентимиз Жиззах тиббиёт кластери билан танишганида ҳам шу жиҳатга алоҳида эътибор қаратди. Аҳоли розилиги тиббиёт тизими фаолиятининг энг муҳим баҳоси эканини таъкидлади.
Бу фикр Жиззахдаги тиббий ислоҳотларнинг асосий мазмунини ҳам белгилаб бермоқда. Президент топшириғи — беморга яқин, малакакали тиббиёт яратишга хизмат қилмоқда Яъни гап фақат кўпроқ бемор қабул қилиш ёки кўпроқ операция ўтказишда эмас. Гап беморнинг тез, сифатли ва малакали тиббий ёрдам олиши, даволаниш учун сарсон бўлмаслиги ва шифохонадан соғайиб чиқишида.
Бошқача айтганда, «Жиззах-180» — Жиззахда тиббий хизмат сифатини ошириш ва одамларга янада яқинлаштиришга қаратилган муҳим қадам.
Касаллик кутмайди: Жиззахда тиббий ёрдам беморга яқинлашмоқда
Соғлиқ билан боғлиқ бир ҳақиқат бор: касаллик кутмайди.
Айниқса, оғир ташхис қўйилганда ёки шошилинч операция зарур бўлганда, бемор учун ҳар бир дақиқа қимматли. Бундай вазиятда тиббий ёрдамнинг қаерда ва қанчалик тез кўрсатилиши кўпинча инсон тақдирига таъсир қилади.
Яқин йилларгача Жиззахда мураккаб касаллик аниқланган ёки юқори технологияли тиббий ёрдамга эҳтиёж туғилган беморлар кўпинча Самарқанд ёки Тошкентга йўл оларди. Шифо излаб йўлга чиққан одам учун эса бу нафақат масофа, балки қўшимча харажат, вақт ва руҳий босим дегани.
Бугун эса вазият ўзгармоқда.
180 кундан кейин нима қолади?
Энг муҳим савол шу. 180 кун ўтиб, бу дастур нимани ўзгартиради? Жавоб — янги операциялардан ҳам кўра кенгроқ.
Беморнинг йўли қисқаради. Шифокорнинг малакаси ошади. Мураккаб операциялар сони кўпаяди. Республикага йўлланмалар камаяди. Тиббий хизмат тезлашади.
Энг муҳими, одамларда «мураккаб касаллик бўлса, албатта Тошкентга бориш керак» деган тушунча ўзгара бошлайди. Жиззах-180 дастуридан кутилаётган ҳақиқий натижа ҳам шу ерда кўринади. Негаки, тиббиётнинг энг катта ютуғи — беморнинг ўз уйига яқин жойда сифатли даволаниб, соғлом ҳолда оиласи бағрига қайтиши.
Мўътабар Нурмуҳаммедова








