АҚШ Лотин Америкасига ёндашувини ўзгартирмаса, минтақада қўзғолон бўлиши мумкин — Густаво Петро
Колумбия президенти айрим санкциялар сиёсий босим воситасига айланганини таъкидлади.

Колумбия президенти Густаво Петро Қўшма Штатлар Лотин Америкаси мамлакатларига нисбатан сиёсатини ўзгартирмаса, минтақада кескин норозилик ҳаракатлари юзага келиши мумкинлигини маълум қилди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Испаниянинг El País нашрига берган интервьюсида Петро АҚШ томонидан қўлланилаётган айрим санкция ва молиявий босим механизмларини танқид қилди. Унинг таъкидлашича, дастлаб гиёҳванд моддалар савдосига қарши кураш воситаси сифатида яратилган чоралар кейинчалик сиёсий таъсир ўтказиш воситасига айланган.
Колумбия раҳбарининг фикрича, бундай механизмлар мустақил сиёсий позицияга эга давлатлар ва раҳбарларга нисбатан босим сифатида ишлатилмоқда. У айрим давлат етакчиларига нисбатан халқаро босим усулларини мисол қилиб келтирган.
Петро тарихий қиёс келтирар экан, ташқи босим ва бирёқлама сиёсат ўтмишда ҳам қаршилик ва исёнларга сабаб бўлганини эслатди. Унинг сўзларига кўра, агар Вашингтон Лотин Америкаси билан муносабатларда тенглик, ҳурмат ва ҳамкорлик тамойилларига ўтмаса, шунга ўхшаш жараёнлар яна такрорланиши мумкин.
Шу билан бирга, Колумбия президенти АҚШ билан алоқаларни узиш тарафдори эмаслигини, аксинча, ўзаро манфаатли ва тенг шериклик асосидаги ҳамкорликни ёқлашини таъкидлаган.








