Ўзбекистон

Ўзбекистонда доимий аҳоли сони 39 миллиондан ошди

Шавкат Мирзиёев аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш якунлари ҳамда статистика тизимини ривожлантириш бўйича таклифлар билан танишди.

Ўзбекистонда доимий аҳоли сони 39 миллиондан ошди

Президент Шавкат Мирзиёевга аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш якунлари ҳамда миллий статистика тизимини ривожлантиришга қаратилган таклифлар тақдим этилди.

 

Дастлабки натижаларга кўра, Ўзбекистонда доимий аҳоли сони 39 миллион 47 минг нафарни ташкил этган. Рўйхатга олиш давомида амалдаги ҳисобда акс этмаган 810,6 минг нафар аҳолининг яшаш манзили ва ижтимоий мақомига аниқлик киритилган.

 

Шунингдек, ҳудудлар кесимида аҳоли сонига оид маълумотлар қайта аниқлаштирилган. Жумладан, Жиззах вилоятида аҳоли сони амалдаги ҳисобга нисбатан 2,7 фоиз, Наманганда 1,3 фоиз, Сурхондарёда 0,9 фоиз ва Қашқадарёда 0,7 фоиз кам экани аниқланган. Тошкент тумани аҳолиси эса аввалги ҳисобга нисбатан 1,6 баробар кўп экани маълум бўлган.

 

Қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижасида ҳисобда акс этмаган 985,5 минг гектар ернинг чегараси ва тоифаси ҳам аниқлаштирилган. Шундан 789,5 минг гектари экин ерлари, 14,1 минг гектари иссиқхоналар, 75,3 минг гектари боғлар, 21,4 минг гектари токзорлар ва 85 минг гектари балиқчилик ҳавзаларига тўғри келади.

 

Жараёнларнинг рақамлаштирилгани натижасида рўйхатга олиш харажати аҳоли жон бошига 1,5 минг сўмдан ошмаган. Интернет орқали рўйхатга олиш қамрови 82,3 фоизни ташкил этган, барча жараёнлар 15 кунда якунланган.

 

Рўйхатга олиш натижалари асосида аҳоли ва қишлоқ хўжалигининг доимий янгиланиб борадиган статистик регистрлари шакллантирилади. Шунингдек, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларига оид 100 та ҳамда қишлоқ хўжалиги ва экин майдонларига доир 50 та кўрсаткич янгиланади.

 

Тақдимотда иқтисодий фаолиятни тўлиқ статистик ҳисобга олиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ҳозирда кузатилмайдиган иқтисодиёт улуши 23 фоиз ёки 246 триллион сўмни ташкил этмоқда. Меҳнат билан банд 15,2 миллион аҳолининг 6,5 миллион нафари даромадлари расмий ҳисобда тўлиқ акс этмаётган қатлам сифатида қайд этилган.

 

Шу муносабат билан жорий йилнинг 15 октябридан 30 ноябрига қадар бизнесни рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш таклифи маъқулланди. Тадбир доирасида мамлакатда фаолият юритаётган барча иқтисодий бирликлар хатловдан ўтказилади.

 

Миллий статистика тизимини 2030 йилгача ривожлантириш бўйича режалар ҳам белгиланди. Унга кўра, тадбиркорлар тақдим этадиган ҳисобот юкини 20 фоизга қисқартириш, маъмурий ва муқобил маълумотлар манбалари сонини 1,7 баробар ошириш режалаштирилган.

 

Шунингдек, Маълумотларни бошқариш комиссиясини ташкил этиш, 2027 йил 1 июлга қадар Миллий маълумотлар платформасини ишга тушириш ва статистик маълумотларни сунъий интеллект тизимлари ўқий оладиган форматларда эълон қилиш кўзда тутилмоқда.

 

2027 йил якунига қадар аҳоли, демография, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма ва ҳудудий ривожланишга оид маълумотлар геофазовий рақамли хариталарда акс эттирилиши режалаштирилган.

 

Тақдимотда “Статистикани ривожлантириш – 2030” миллий стратегияси лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

 

Президент аниқ, тезкор ва ишончли статистика давлат сиёсатини белгилаш, ҳудудлар ва тармоқларни ривожлантириш бўйича тўғри қарорлар қабул қилишнинг муҳим шарти эканини таъкидлади.

 

Мутасаддиларга рўйхатга олиш натижаларини чуқур таҳлил қилиб, давлат дастурларида кенг қўллаш, бизнесни рўйхатга олиш тадбирини сифатли ташкил этиш ва миллий статистика тизимини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш бўйича топшириқлар берилди.

custom img

Оилавий ва ёшлар тадбиркорлиги кредитларини бошқариш ваколати туман штабларига берилади

Маҳалла банкирлари ва ҳоким ёрдамчиларининг лойиҳаларни молиялаштириш бўйича билим ва кўникмалари етарли эмаслиги танқид қилинди.

custom img

Ҳокимлар ҳафтада уч кун фақат камбағаллик ва бандлик масалалари билан шуғулланади

Ҳар бир вилоят ва туманда камбағалликни қисқартириш бўйича штаблар тузилади.

custom img

Хоразмда 81 минг нафар камбағал аҳолининг ҳолати ўрганилди

Хоразмдаги камбағал оилаларда 48 минг нафар бола борлиги аниқланиб, улар учун қўшимча тўгараклар ташкил этиш вазифаси белгиланди.

custom img

Ҳудудларда кредит олиб, бизнесини юргиза олмаган 62 минг аҳоли бор

Президент айрим ҳудуд раҳбарларининг мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиб, аҳолини иш билан таъминлашда етарли натижа кўрсата олмаётганини танқид қилди.

custom img

Камбағалликни қисқартиришда масъул раҳбарларнинг фаолияти танқид қилинди

Президент камбағалликни қисқартиришда ажратилган кредитлардан самарали фойдаланиш ва қуйи тизим ишига аниқ кўрсатмалар бериш зарурлигини таъкидлади.

custom img

Ўзбекистонда эҳтиёжманд аҳоли сони 1,5 миллион нафаргача қисқарди

49 та туман ва 3 429 та маҳалла камбағалликдан холи ҳудудга айланмоқда.

custom img

Ҳиндистон фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз кириш тартиби соддалаштирилди

Унга кўра, айрим давлатларнинг амалдаги кўп марталик бизнес ёки туризм визасига эга бўлган ҳиндистонликлар Ўзбекистонда 30 кунгача визасиз бўлиши мумкин.

custom img

Ғолиблар 15 миллион сўмгача мукофот билан тақдирланади

Тошкентда ўтказиладиган “Tashkent International Half Marathon – 2026” ярим марафонида ғолиблар 1 миллион сўмдан 15 миллион сўмгача бўлган пул мукофотлари билан тақдирланади.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"