Путин Трампнинг махсус вакиллари билан Украинадаги урушни тугатиш масаласини муҳокама қилди
Бироқ учрашув якунида келишувга эришилгани ёки сезиларли силжиш бўлгани ҳақида маълумот берилмади.

Россия президенти Владимир Путин АҚШ президенти Доналд Трампнинг махсус вакиллари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер билан Москвада Украинадаги урушни тугатиш масаласини муҳокама қилди. Учрашув уч соатдан ортиқ давом этди.
Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг айтишича, АҚШ вакиллари можарони ҳал қилишнинг эҳтимолий йўллари бўйича бир қатор таклифларни билдирди. Бироқ у таклифларнинг мазмунини очиқламаган.
Путин эса Россия жанг майдонида «реал тараққиёт»га эришаётганини ва урушдаги мақсадларига эришишига ишонч билдирди. Унинг таъкидлашича, можарони ҳал қилиш учун унинг «барча туб сабабларини» бартараф этиш зарур.
Ушаковнинг маълум қилишича, музокараларда Украинадаги вазиятдан ташқари иқтисодий масалалар ҳамда Россия ва АҚШ ўртасидаги эҳтимолий йирик лойиҳалар муҳокама қилинган. Учрашувни Россия томони «ўз вақтида ўтказилган ва ҳар икки томон учун жуда фойдали» деб баҳолади.
Оқ уй вакили ҳам музокараларни «мазмунли» деб атади. Унинг сўзларига кўра, кейинги қадамлар яқин ҳафталарда эълон қилинади.
Уиткофф ва Кушнер музокаралардан сўнг Москвадан Киевга йўл олган. Улар якшанба куни Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашиши кутилмоқда.
Айни пайтда Россия ва Украина урушни тугатиш шартлари бўйича ҳамон кескин фарқ қилувчи позицияларда қолмоқда. Москва Украина Россия даъво қилаётган тўрт вилоят ҳудудини тўлиқ топшириши ва НАТОга қўшилиш режасидан воз кечишини талаб қилмоқда. Киев эса ҳудудларни Россияга беришдан бош тортмоқда.








