Қозоғистонга пуллик электрон кириш рухсатномаси виза ҳисобланмайди — эксперт
ETA учун тўлов виза тўлови ҳисобланмайди, бироқ мажбурий тартиб жорий этилса, саёҳатчилар учун қўшимча харажатга айланиши мумкин.

Қозоғистонда визасиз давлатлар фуқаролари учун жорий этилаётган электрон саёҳат рухсатномаси (ETA) визасиз кириш режимини пуллик виза тартибига айлантирмайди. Бу ҳақда Қозоғистон миграция қонунчилигига ихтисослашган адвокат Айгерим Хандуллаева ТАСС нашрига маълум қилди.
Қайд этилишича, 25 августдан бошлаб Қозоғистон Россия каби визасиз давлатлар фуқаролари учун электрон кириш рухсатномаси тизимини синовдан ўтказмоқда. Ҳозирда ETA тавсия характерига эга. Уни ноябрь ойининг бошидан аэропортлар орқали кирувчи визасиз давлатлар фуқаролари учун, кейинчалик эса бошқа чегара ўтиш пунктларида ҳам мажбурий қилиш режалаштирилмоқда.
ETA учун тўлов миқдори ва уни ундириш тартиби ҳозирча тегишли идоралар томонидан муҳокама қилинмоқда.
Адвокатнинг таъкидлашича, ETA виза эмас, балки мамлакатга киришдан олдин расмийлаштириладиган ва миграция назоратини амалга оширишга хизмат қиладиган алоҳида механизмдир. Шу сабабли унинг жорий этилиши визасиз режимнинг бекор қилиниши ёки бошқа ном остида виза тартибининг ўрнатилиши дегани эмас.
Хандуллаева мажбурий ETA учун тўлов амалда саёҳат билан боғлиқ қўшимча харажатга айланиши мумкинлигини қайд этган. Унинг сўзларига кўра, давлат мазкур тизим орқали чет элликларни мамлакатга келишидан аввал текшириш имкониятини кенгайтиради.
Экспертнинг фикрича, янги тизим чет элликларга сафар олдидан уларнинг кириш ҳуқуқи ва миграция ҳолати бўйича аниқроқ маълумот олиш имконини беради.
Шу билан бирга, адвокат ETA тизимининг узлуксиз ва ишончли ишлаши муҳимлигини таъкидлаган. Унинг қайд этишича, техник носозликлар ёки ортиқча мураккаб тартиблар қонуний равишда мамлакатга кириш имкониятини амалда чекламаслиги керак.








