Афғонистоннинг Қундуз вилоятида яшовчи 13 ёшли ўсмир нихоятда хавфли саёҳатга қўл урди. У 21 сентябрь куни “Kam Air” авиакомпаниясининг Кобул – Нью-Деҳли йўналишидаги йўловчи самолётининг қўниш мосламаси бўлимига яшириниб олган.
Парвоз 1,5 соат давом этиб, самолёт Деҳлига қўнгач, бола аэропорт ҳудудида хавфсизлик ходимлари томонидан қўлга олинди. Сўроқ жараёнида ўсмир аслида Теҳронга боришни режалаштирганини, бироқ адашиб бошқа рейснинг шасси бўлимига кириб қолганини маълум қилган.
Мутахассисларнинг қайд этишича, бундай шароитда омон қолиш деярли имконсиз: самолётлар 9–12 минг метр баландликда учади, ҳавонинг ҳарорати эса минус 50 даражагача тушади, қўниш мосламаси бўлими иситилмаган ва герметик бўлмаганлиги сабабли кислород танқислиги – гипоксия хавфини юзага келтиради.
Статистик маълумотларга кўра, шасси бўлимида яширингган йўловчиларнинг қарийб 77 фоизи бундай парвозларда ҳалок бўлади. Шу боис, мутахассислар ўсмирнинг омон қолишини “мўжиза” сифатида баҳолашмоқда.
Ўсмир Ҳиндистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ҳибсга олиниб, Кобулга қайтарилган.


