80 йил ер тагида бўлган медальон ўзбекистонлик жангчининг рафиқаси ҳақида “сўзлади”
Ўлимидан 79 йил кейин топилган жангчи — Ҳасан Аминов 1915 йилда туғилган. 27 ёшида вафот этган. Бу ҳақда Sputnik хабар бермоқда.


Москвадаги «Пионер» деб номланувчи қидирув гуруҳи ўзининг Instagram тармоғидаги аккаунтида ушбу ноёб топилма ҳақидаги ахборотни жойлаган.
Бир неча кун аввал Ржев чеккасида изловчилар гуруҳи 1942 йилдан бери бедарак йўқолган деб ҳисобланиб юрган ўзбекистонлик жангчининг жасадини топиб олган. Жангчининг қўлида ёзув битилган медальон сақланиб қолган. У ер тагида салкам 80 йил ётган.
Шунинг учун ундаги ёзувни ўқиш осон бўлмаган. Лекин қидирувчилар компьютер ёрдамида ақл бовар қилмайдиган ишни бажарган: улар бедарак йўқолган қаҳрамоннинг исми-шарифини тиклашга муваффақ бўлган. Ёзувда, шунингдек, жангчи рафиқасининг фамилияси (Таджиева) ҳам бор.
Ҳозир «Пионер» номли қидирув гуруҳи жангчининг Ўзбекистондаги яқинларини топиш бўйича ишларни бошлаб юборган. Улар ўзбекистонликлардан вафот этган қаҳрамон ҳақида маълумотларни тарқатишда ёрдам сўрайди.







