Афғонистонда ҳукмронлик қилаётган “Толибон” ҳаракати олий таълим тизимида янги тартибни жорий этди. Afghanistan International нашрининг хабар беришича, мамлакат Олий таълим вазирлиги университет ўқитувчилари ҳамда тўртинчи даражадан паст лавозимдаги ходимларга иш вақтида смартфонлардан фойдаланишни ман этди.
Вазирлик ҳужжатида қайд этилишича, смартфонлардан фойдаланиш “ишни мураккаблаштиради ва ходимларнинг эътиборини чалғитади”. Шу боисдан, университетлар ва коллежларда профессор-ўқитувчилар ҳамда маъмурий ходимлар иш жараёнида телефон олиб кириш ёки ундан фойдаланиш ҳуқуқига эга эмас. Юқори лавозимдаги ходимларга эса смартфонлардан фойдаланишни босқичма-босқич камайтириш тавсия этилган.
“Илм аҳли ўз хизмат жойларида смартфонлардан фойдаланмаслиги керак”, — дейилади вазирликнинг расмий баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, “Толибон” аввал ҳам смартфонлардан воз кечиш масаласини муҳокама қилган. Ҳаракат етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охундзода ўтган йили диний уламоларга “смартфонлардан диний асосда воз кечиш йўлини топиш” бўйича мурожаат қилган эди.
Сўнгги кунларда Афғонистонда интернет хизматларининг чекланиши ва айрим телеканаллар фаолиятида узилишлар кузатилмоқда. “Толибон” ҳокимиятга келганидан бери мамлакатда таълим, ахборот технологиялари ва шахсий эркинлик соҳаларида қатъий чекловлар давом этмоқда.


