27-июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев маданият ва санъат соҳаларида бошқарувни такомиллаштириш, ҳунармандчиликни ривожлантириш ҳамда креактив иқтисодиёт имкониятларини кенгайтиришга доир таклифлар тақдимоти билан танишди.
Тақдимотда маданият марказларида давлат-хусусий шериклик асосида инновацион лойиҳаларни йўлга қўйиш, ёшлар ўртасида ватанпарварлик ва эстетик тарбияни кучайтириш, тарихий, илмий ҳамда анимацион миллий маҳсулотларни ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш масалалари кўриб чиқилди.
Президент қарори билан ташкил этилган Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институти фаолиятини кенгайтириш, институтда таълим олаётган иқтидорли талабаларни хорижий олий таълим муассасаларининг магистратура босқичига юбориш, халқаро эстрада танловларини ўтказиш, стипендиялар жорий этиш ва санъаткор номидаги мемориал музей ташкил этиш таклифлари илгари сурилди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан халқ артисти Шералижон Жўраев номидаги мусиқа ва санъат олий мактаби ташкил этилиши, ушбу муассаса қошида ижодий лаборатория барпо этилиб, қўшиқларнинг “олтин фонди” шакллантирилиши, ёшлар учун замонавий овоз ёзиш ва тасвирга олиш студияси ташкил этилиши белгиланди.
Шунингдек, ҳудудларда профессионал оркестрлар фаолиятини кенгайтириш, жумладан, Фарғона вилоятида симфоник оркестр ҳамда миллий чолғу асбоблари оркестрини тузиш, уларни зарур асбоб-ускуналар билан таъминлаш масаласи муҳокама қилинди.
Таъкидландики, мамлакатимизда ҳозирда 14 мингдан ортиқ корхона креактив иқтисодиёт соҳасида фаолият юритмоқда. Келгуси беш йилда бу соҳа ҳажмини икки баробарга ошириб, ялпи ички маҳсулотдаги улушини 5 фоизга етказиш белгиланган.
Мазкур йўналишда амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида Буюк Британия билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида академик платформа ташкил этилиши, ушбу платформа орқали 3 мингдан ортиқ ҳунарманд босқичма-босқич ўқитилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, Бухоро шаҳри ЮНЕСКОнинг “Креатив шаҳарлар” тармоғига киритилгани муносабати билан 2025 йилнинг сентябрь-ноябрь ойларида ушбу шаҳарда биринчи замонавий санъат биенналеси ўтказилиши белгиланди. Тадбирда 40 га яқин давлатдан 70 нафардан ортиқ машҳур рассом иштирок этиши кутилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикасида ҳунармандчиликни ривожлантириш мақсадида “Истиқлол” боғи негизида креактив кластер ва “Орол мактаби” ташкил этилиши кўзда тутилган. Ушбу мактабда маҳаллий ҳунармандлар ва дизайнерлар учун анъанавий билимлар ҳамда инновацион ёндашувларни уйғунлаштирган таълим берилади.
Йиғилиш якунида Президент мазкур соҳаларда илғор халқаро тажрибани жорий этиш, ёшларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш ва маданий туризмни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни тизимли асосда амалга ошириш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди.


