Адлия вазирлиги маълум қилишича, “Банк ҳисобварақларини очиш, юритиш ва ёпиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома”га ўзгартиришлар киритилди (рўйхат рақами 3420-2, 2025 йил 11 ноябр). Янги тартиб фуқаролар ва тадбиркорлар учун банк хизматларидан фойдаланишни янада қулайлаштиради.
Эндиликда мижозлар банкларда эскроу ҳисобварақларини очишлари мумкин бўлди. Бу ҳисобварақлар электрон тижорат, улушли шартномалар ва бошқа битимлар жараёнида хавфсиз ҳисоб-китоб қилиш учун мўлжалланган. Шунингдек, шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахс тўғрисидаги маълумотномаларни my.gov.uz ёки “Ижтимоий карта” иловаси орқали электрон шаклда тақдим этиш мумкин бўлади.
Янги тартибга кўра, норезидентлар илгари шу банкда ҳисобварағи бўлса, янги ҳисобварақни масофадан туриб очиши мумкин. Шу билан бирга, 14 ёшгача бўлган болалар учун ҳисобварақни ота-она ёки қонуний вакил очиши мумкин, 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўсмирлар эса миллий ва чет эл валютасидаги депозит ёки металл ҳисобварақни мустақил равишда очиш ҳуқуқига эга бўлдилар.


