Бразилияда кучли торнадо сабаб бинолар вайрон бўлди
Айрим ҳудудларда шамол тезлиги соатига 250 километрдан ошган.

Бразилия жанубидаги Парана штатида кучли торнадо юз бериб, кўплаб бинолар ва инфратузилмаларга жиддий зарар етказди. Маҳаллий ҳокимият хабарига кўра, ҳодиса оқибатида камида беш киши ҳалок бўлган, 130 дан ортиқ инсон жароҳат олган. Ярадорларнинг бир қисми оғир аҳволда шифохоналарга етказилган.
Метеорологлар торнадони кучли «суперсел» булут тизими билан боғламоқда. Айрим ҳудудларда шамол тезлиги соатига 250 километрдан ошгани қайд этилди. Бу эса торнадо кучи Фужита шкаласи бўйича F2–F3 тоифасига мос келишини англатади.
Табиий офат натижасида юзлаб уйлар, савдо нуқталари, мактаблар ва коммунал тармоқлар шикастланган. Шаҳар марказининг катта қисмида электр таъминоти узилиб, кўплаб йўллар тўсилиб қолган. Фавқулодда вазиятлар хизматлари қутқарув ва тиклаш ишларига жалб қилинган, маҳаллий аҳоли вақтинчалик хавфсиз жойларга эвакуация қилинмоқда.
Ҳокимият вакилларининг таъкидлашича, ҳудудда зарар даражаси ҳали тўлиқ баҳоланмаган.







