Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ёшларнинг билим ва малака салоҳиятини ошириш, уларни хорижий тилларни ўрганишга рағбатлантириш мақсадида янги молиявий қўллаб-қувватлаш тизимини жорий этди.
Жорий йилнинг 8 октябрида Вазирлар Маҳкамасининг 632-сонли қарори билан тасдиқланган дастурга мувофиқ, хорижий тилни ўрганиш истагидаги ёшлар учун махсус субсидиялар ажратилади.
Мазкур ташаббус “2+6” модели асосида амалга оширилади. Унга кўра, дастлабки икки ой давомида таълим харажатлари тингловчи томонидан тўланади, кейинги олти ой эса Ёшлар ишлари агентлиги ҳузуридаги жамғарма маблағлари ҳисобига молиялаштирилади.
Субсидиянинг миқдори жойлашувга қараб белгиланади:
Тошкент шаҳри учун — 824 минг сўмгача (ЯҲМнинг 2 баробари);
Вилоят марказлари учун — 618 минг сўмгача (1,5 баробари);
Туман ва шаҳарлар учун — 412 минг сўмгача (1 баробари).
Дастур доирасида 2025–2026 йилларда 20 минг нафарга яқин ёшни қамраб олиш, 2031 йилгача эса ҳар йили шунча ёшга молиявий ёрдам кўрсатиш режалаштирилган.
Субсидиялар фақат электрон рўйхатдан ўтган, ўқув жараёни рақамли тарзда назорат қилинадиган таълим марказларига берилади. Бу тизим давлат маблағларининг мақсадли ва шаффоф сарфланишини таъминлашга хизмат қилади.
Мазкур қарор ёшларнинг чет тилларини ўрганишга бўлган қизиқишини ошириш, уларни замонавий меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассислар сифатида шакллантириш ва халқаро таълим ҳамда иш имкониятларига йўл очишга қаратилган.


