Самарқанд вилояти Булунғур туманида фаолият юритган “S.I.” хорижий корхонасининг табиий ресурслардан ноқонуний фойдаланиши натижасида табиатга 7,7 млрд сўмдан ортиқ зарар етказилгани аниқланди. Ҳолат Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Давлат экологик назорат инспекцияси томонидан ўтказилган текширувда фош этилди.
Текширув маълумотларига кўра, 2024 йил 27 ноябрда “S.I.” корхонаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги рухсати остида Булунғур тумани ҳудудидаги “Жомбой-3” участкасида геологик қидирув ўтказиш учун аукционда ғолиб бўлган. Бироқ корхона геологик ўрганиш учун берилган рухсатнома шартларига риоя қилмасдан ва қазиб олиш учун тегишли тартибдаги рухсатномаларсиз норуда қазиш ишларини амалга оширган. Ўлчовлар натижасида 50 859,25 м³ тупроқ (лёссимон жинслар) ноқонуний қазиб олингани аниқланган.
Мазкур ҳолат Ўзбекистон Республикаси “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуни ва “Ер қаъри тўғрисида”ги қонун талабларига зид экани қайд этилди. Вазирлик ҳисоб-китобларига кўра, зарар миқдори — 7 374 591 250 сўм. Тўпланган ҳужжатлар қонуний баҳо бериш ва жавобгарлик чораларини кўриш мақсадида Бош прокуратурага юборилди.
Экология вазирлиги ўз навбатида барча лойиҳа иштирокчиларига табиат ресурсларидан қонуний ва шартномавий талаблар асосида фойдаланишни қатъий риоя этишни эслатади ҳамда шундай қонунбузарликларнинг олдини олиш учун назорат чораларини кучайтиришини маълум қилади.


