Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ Президенти Дональд Трампнинг воситачилигида Ғазо ҳудудида ўт очишни тўхтатиш ва гаровдагиларни озод қилиш бўйича эришилган келишувни олқишлади.
Вазирлик баёнотида Миср, Қатар ва Туркиянинг ушбу жараёндаги фаол ва мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатлари юқори баҳоланди. Бу ташаббуслар зиддиятнинг тезда тўхтатилиши, инсонпарварлик инқирозининг енгиллашиши ва сиёсий мулоқотнинг тикланиши учун имконият яратади, дейилади баёнотда.
Ўзбекистон доимо халқаро ҳуқуқ ва БМТ Хавфсизлик Кенгаши қарорларига асосланиб, Яқин Шарқда барқарор ва адолатли тинчлик ўрнатилишини қўллаб-қувватлашини тасдиқлади. Келишув вақтинчалик чорадан иборат эмас, балки томонлар ўртасида хавфсизликни мустаҳкамлаш ва ўзаро ишончни тиклаш йўлидаги узоқ муддатли сиёсий ечимга қаратилган муҳим қадамдир.
Шунингдек, Ўзбекистон халқаро ҳамжамият томонидан Яқин Шарқда тинчлик, барқарорлик ва гуманитар ёрдамга йўналтирилган саъй-ҳаракатларга конструктив ҳисса қўшишга тайёр эканини билдирди.


