Сурхондарё вилояти ҳокимлиги “Дарбанд” йўл-патруль постида ўрнатилган юк тарозиси ҳокимнинг қариндошига тегишли экани ҳақидаги хабарларни рад этди.
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда тарқалган ушбу маълумотлар юзасидан ҳокимлик расмий муносабат билдирди. Қайд этилишича, М–39 халқаро автомобил йўлининг 1326-километрида жойлашган “Дарбанд” постидаги “Tenso M VA–20P” русумли юк тарозиси давлат муассасасига — Бойсун тумани Йўллардан фойдаланиш корхонасига тегишли.
Мазкур ускуна Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 октабрдаги ПҚ–330-сон қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 26 декабрдаги 342-сон қарорларига мувофиқ ўрнатилган бўлиб, у йўл инфратузилмасини сақлаш, транспорт воситалари ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда оғир юк ташиш ҳолатларини олдини олишга хизмат қилади.
Шу боис, тарози ҳокимнинг қариндошига тегишли экани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди ва мутлақо асоссиздир, дейилади ҳокимлик баёнотида.
Шунингдек, ҳозирда “Дарбанд” постидаги назорат жараёнлари Ички ишлар бошқармаси ва Автомобил йўллари бош бошқармаси томонидан доимий мониторинг остига олинган. Текширувлар давомида айрим ҳайдовчилар оғирлик назоратидан қочиш мақсадида сунъий тирбандликлар ҳосил қилгани аниқланган. Шу билан бирга, меъёрдаги юк билан ҳаракатланаётган транспорт воситалари назоратдан эркин ўтмоқда.


