15 октябрдан бошлаб “Тозалик ва озодалик ойлиги” кенг миқёсда ўтказилмоқда. Ушбу ташаббус доирасида пойтахтнинг барча туманларида экология бошқармаси инспекторлари томонидан атроф-муҳит ҳолатини назорат қилиш, чиқиндиларни тўғри жойлаштириш ва ноқонуний ташланаётган чиқиндиларни аниқлаш бўйича рейд тадбирлари олиб борилмоқда.
Мақсад — атроф-муҳитни асраш, ҳудудларда тозаликни таъминлаш ва чиқиндиларни тўғри йиғиш тизимини йўлга қўйишдир.
Экология бошқармаси маълумотларига кўра, “Тозалик ва озодалик ойлиги” бошланганидан буён пойтахт ҳудудида 739 та рейд тадбири ўтказилган. Натижада 584 та экологик қонунбузилиш ҳолати аниқланган. Ҳуқуқбузарларга нисбатан 357,6 миллион сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилган бўлиб, шундан 57,2 миллион сўм аллақачон ундирилган.
Шунингдек, табиатга етказилган 132,6 миллион сўмлик зарар аниқланиб, унинг 43,6 миллион сўми қопланган.
Чиқиндилар билан боғлиқ йўналишда эса 534 та қонунбузарлик ҳолати бўйича Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари асосида жарималар белгиланган.
Тадбир доирасида ташкил этилган ишчи гуруҳларининг асосий вазифаси — ноқонуний чиқинди ташлаш ҳолатларини аниқлаш, бундай жойларни бартараф этиш ва чиқиндиларни тўғри йўқ қилиш жараёнларини мувофиқлаштиришдан иборат.
Мазкур рейдлар Тошкент шаҳрида тозаликни таъминлаш, экологик муҳитни соғломлаштириш ва фуқароларнинг экологик маданиятини оширишга қаратилган.


