Дубайдаги қонунбузарликлар визасиз тартибга таҳдид солиши мумкин
Ўзбекистон фуқаролари БААда 30 кунгача визасиз қолиш ҳуқуқига эга.

БААда, хусусан, Дубай шаҳрида ўзбекистонлик фуқаролар ўртасида рўй берган жиноий тўқнашув ортидан икки давлат ўртасидаги визасиз тартибга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақида хавотирлар билдирилмоқда. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурхоновнинг маълум қилишича, БАА томони ҳозирда бу ҳолат юзасидан тергов ҳаракатларини олиб бормоқда.
“Дубай жиноят қидирув бошқармаси раҳбарияти билан учрашувда 15 нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олингани ва бу каби ҳолатлар сони ошаётгани қайд этилди”, — дея таъкидлади ТИВ вакили. Айнан шу каби қонунбузарликлар икки томонлама виза енгилликлари қайта кўриб чиқилишига сабаб бўлиши мумкин.
Ташқи ишлар вазирлиги ўзбекистонликларни хорижда юртдошлар шаънига доғ туширувчи ҳаракатлардан тийилишга чақирди. Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 16 февралдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари Дубайга визасиз сафар қилиш ҳуқуқига эга бўлган эди — улар БААда 30 кунгача визасиз қолишлари мумкин.







