Жорий йилнинг 1 июль санасидан бошлаб шахсни тасдиқловчи ва бошқа ҳужжатларнинг электрон шакли расман тан олинади. Уларнинг қоғоз нусхалари банкларда, нотариал идораларда, аэропорт, вокзал каби тегишли ҳужжатларни сўрайдиган ташкилотларда талаб этилмайди. Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг аниқлик киритишича, эндиликда my.gov.uzdagi шахсни тасдиқловчи, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва бошқа ҳужжатларнинг рақамли (электрон) шакллари расман тан олинади. Бунда my.gov.uz платформаси ҳамда “Ижтимоий карта” мобил иловасида ушбу рақамли сервислардан фойдаланиш имконияти яратилади ва улар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мажбурий тартибда қабул қилинади.